Ливерпулда автомобиль 50 нафар “Ливерпуль” мухлисини уриб кетди

2025 йил 26 май оқшомида Британиянинг Ливерпуль шаҳрида автомобиль “Ливерпуль”нинг Англия Премьер-лигасидаги ғалабасини нишонлаётган мухлислар оломонига бостириб кирди, деб хабар бермоқда Guardian ва BBC.

Ҳодиса оқибатида 47 киши жабрланди, улардан 27 нафари касалхонага ётқизилди, яна 20 нафарига воқеа жойида ёрдам кўрсатилди. Жабрланганлар орасида тўрт нафар бола бор. Камида тўрт киши, жумладан болалардан бири оғир тан жароҳати олди.

Воқеа жойида 53 ёшли, Ливерпуль туманида яшовчи Британия фуқароси қўлга олинди. У, тахминан, автомобиль ҳайдовчиси бўлган. Полиция ҳодисани террорчилик ҳаракати сифатида кўриб чиқмаётганини маълум қилди. Ҳужум қилган шахснинг мотивлари номаълум.

500 мингдан ортиқ киши Ливерпуль кўчаларига чиқиб, “Ливерпуль” футболчилари ва ходимларининг Премьер-лига кубоги билан очиқ автобусда ўтишини томоша қилган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, футбол жамоаси ўтиб кетганидан сўнг автомобиль одамлар устига бостириб кирган. Тармоқда тарқалган кадрларда машинанинг тезлик олиб, кўчанинг икки томонидаги пиёдаларга бостириб кирганини кўриш мумкин; баъзилар жароҳат олмаслик учун четга сакраган, деб ёзади Guardian.

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер фавқулодда хизматларга тезкор ҳаракат қилганликлари учун миннатдорчилик билдирди ва жабрланганларга ҳамдардлик изҳор этди. У бу ҳодисани даҳшатли деб атади.