
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари бўйича суди 2025 йил 20 май куни бўлиб ўтган мажлисда Тошкент метрополитенида аёл кишига нисбатан одобсиз хатти-ҳаракатлар содир этган эркакка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Воқеа 2025 йил 16 май куни соат тахминан 10:10 да содир бўлган. С. Б. «Пахтакор» бекатидан «Халқлар дўстлиги» бекатигача йўл олган. Метро вагонида у нотаниш аёлнинг танасининг пастки қисмига тегиб кетган. Жабрланувчи дастлаб буни тасодиф деб ҳисоблаган, аммо такрорий ҳодисадан сўнг у ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилган.
Эркак ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган ва суддан жазони енгиллатишни сўраган. Судья унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисми (сексуал тегажоқлик) бўйича беш суткалик қамоқ жазоси тайинлади.
Шунингдек, ҳуқуқбузар жазони ўтаб бўлганидан сўнг, қамоқда бўлган ҳар бир кун учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи — жами 5 сутка учун 281 250 сўм ундирилади.
41-1-модда Маъмурий кодексга 2023 йил апрель ойида киритилган. Сексуал тегажоқлик учун жазо – 2 дан 5 БҲМгача жарима ёки 5 суткагача маъмурий қамоқ, йил давомида такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун – 5 дан 7 БҲМгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ.
2023 йилда судлар томонидан сексуал тегажоқлик учун 666 нафар шахсга жазо тайинланган. Шундан 433 нафари маъмурий қамоқ жазосини олган ва 233 нафари жарима тўлаган.
2024 йилнинг биринчи чорагида ушбу модда бўйича 318 нафар шахс жавобгарликка тортилган: 221 нафари қамоқ жазосини олган, 97 нафари – жарималар.