82 млрд сўмлик ҚҚСни ноқонуний қайтариш бўйича фирибгарлик фош этилди

Ўзбекистонда давлат бюджетидан жами 82 млрд сўмлик қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни ноқонуний қайтариш факти аниқланди, дея хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати.

Солиқ қўмитаси ўз баёнотида ушбу ҳуқуқбузарликларнинг аниқланиши Қўмитанинг ички хавфсизлик хизматининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан яқин ҳамкорликда олиб борган ишлари натижаси эканлигини таъкидлади.

ДХХ маълумотларига кўра, бунга «Тадбиркорлар барқарорлик рейтинги» дастурига сохта маълумотлар киритилиши сабаб бўлган.

Тергов маълумотларига кўра, солиқ органларининг айрим мансабдор шахслари моддий манфаат эвазига 18 та компаниянинг рейтинг тизимидаги кўрсаткичларини сунъий равишда ошириб, хавф даражаси ҳақидаги маълумотларни ўчириб ташлашган. Бу эса компанияларга йирик миқдордаги ҚҚСни ноқонуний қайтариш имконини берган.

ДХХ Тергов бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) бўйича жиноят иши қўзғатди.

Жиноят иши доирасида ёғоч импорт қилувчи компаниялардан бирининг ҳисоб рақамига 5,5 млрд сўмлик ҚҚС ноқонуний қайтарилгани ҳам аниқланди. Шу муносабат билан Солиқ қўмитасининг 2 нафар ходими, мазкур компания директори ва бухгалтери, шунингдек, 2 нафар норасмий раҳбар гумонланувчи сифатида ҳибсга олинди. Фигурантлар қамоққа олинган.

Гумонланувчилардан тинтув пайтида қуйидагилар олиб қўйилган:

  • 79 минг доллар;
  • 161 млн сўм нақд пул;
  • 3 та Li 9 электромобили;
  • 2 та Gentra ва 1 та Nexia-3 автомобили;
  • 1268 блок Terea электрон сигарети;
  • 27 та электрон калит;
  • муҳрлар;
  • компьютерлар ва телефонлар.

Ноқонуний ҚҚС қайтаришни олган бошқа корхоналарга нисбатан ҳам тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

«Аниқланган ҳолатлар бўйича қонунда белгиланган чоралар кўрилмоқда. Бу яна бир бор ташкилотимизда “фақат ҳалоллик ва шаффофлик” тамойилига қатъий риоя этилишини тасдиқлайди. Солиқ қўмитаси коррупцияга қарши, шу жумладан тизимнинг ўзидаги ҳолатларга қарши муросасиз кураш олиб бормоқда. Бу, шунингдек, бизда ҳам ташқи, ҳам ички назорат механизмлари самарали ишлаётганидан далолат беради», — дейилади Солиқ қўмитаси хабарида.

Тадбиркорлар барқарорлик рейтинги Ўзбекистонда 2024 йил 1 февралдан жорий этилган. Уни ҳисоблаш учун 23 та мезон, жумладан, 9 та жарима ва 4 та рағбатлантирувчи мезон қўлланилади. Булар компаниянинг ишлаган вақти, рентабеллик даражаси, кўчмас мулк ёки ернинг мавжудлиги, ходимларнинг иш ҳақининг бозордаги ўртача иш ҳақига нисбати ва бошқалар.

Юқори рейтингли тадбиркорлар учун имтиёзлар тақдим этилади. Ушбу рейтинг тизимига кўра, «ААА» рейтингига эга бўлган бизнес субъектларида солиқ текширувлари ўтказилмайди (жиноят ишлари доирасидаги текширувлардан ташқари). ҚҚС суммалари текширувларсиз бир кун ичида қопланади (ҳозир — 7 кундан 30 кунгача).

2024 йилнинг 14 август ҳолатига кўра, ААА тоифасидаги 317 та тадбиркорга 542 та ариза асосида 513,8 млрд сўмлик ҚҚС ошиқча тўловлари қўшимча текширувларсиз 1 кун ичида қайтарилган.

2025 йил март ойида ДХХ солиқ, божхона ва банк ходимлари, шунингдек, ҳоким ўринбосари ва тадбиркорлар — қарийб 40 кишидан иборат уюшган жиноий гуруҳ фаолиятини фош этган эди. Улар сохта корхоналар тузиб, улар орқали гўёки мебел экспорти учун ҚҚСни ноқонуний қайтаришни расмийлаштириб, 24,5 млрд сўмни талон-торож қилишган.

ҚҚС қайтариш қандай ишлайди

Тадбиркор харидлар пайтида ҚҚС тўлайди (кирувчи ҚҚС) ва сотувлар пайтида ҚҚС ҳисоблайди (чиқувчи ҚҚС). Агар кирувчи ҚҚС чиқувчи ҚҚСдан ошса, фарқ бюджетдан қайтарилиши мумкин. Қайтариш учун компания текширувдан ўтиши керак. Баъзи ҳолларда қайтариш бир кунда, текширувларсиз расмийлаштирилиши мумкин.

Бу ҳолатда, хабар қилинишича, солиқ органлари ходимлари ишончсиз компанияларнинг рейтингини хавф белгиларини олиб ташлаш орқали сунъий равишда ошириши мумкин бўлган. Бундай фирмаларга миллиардлаб сўм ҚҚС асоссиз қайтарилган.