
Тошкентда Ўзбекистон фуқароларини ноқонуний равишда хорижга юборишга доир иккита уринишнинг олди олинди, дея хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.
Идора маълумотларига кўра, Юнусобод туманида фуқаро Ж. А. 22,5 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинган. Бу суммага у икки нафар ватандошимизни АҚШда яшовчи қариндоши ёрдамида Мексика ва Европа давлатлари орқали АҚШга чиқиш учун виза олишда ёрдам беришни ваъда қилган.
Бектемир туманида С.Н. икки фуқародан уларни Японияда ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 2000 доллар олганида қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28-моддаси орқали 211-моддаси (пора беришга шериклик) билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Аввалроқ, самарқандлик фуқаронинг хорижлик оилани 150 минг доллар эвазига АҚШга жўнатишни ваъда қилиб қўлга олингани хабар қилинган эди.