АҚШ ҳукумати Гарвард университетига хорижий талабаларни қабул қилишни тақиқлади

Дональд Трамп маъмурияти Гарвард университетини АҚШ президентининг сиёсатига бўйсунишдан бош тортгани учун хорижий талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилди, дея хабар беради CNN.

Гап талабалар ва алмашинув дастури (SEVP) сертификатини бекор қилиш ҳақида кетмоқда. SEVP сертификати университетларга қабул қилинган хорижий талабаларга АҚШга кириш учун виза олиш учун кейинчалик фойдаланишлари мумкин бўлган шаклларни бериш имконини беради. SEVP АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги (DHS) томонидан назорат қилинади.

“Гарвардга 2025-2026 ўқув йилида хорижий талабаларни қабул қилиш тақиқланди. Мавжуд хорижий талабалар бошқа университетга ўтишлари ёки қонуний мақомларини йўқотишлари шарт”, дейилади АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги баёнотида.

Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм Гарварднинг SEVP сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарорни университетнинг хорижий талабаларнинг хулқ-атвори тўғрисидаги маълумотларни тақдим этишдан бош тортиши ва университет кампусида “яҳудий талабаларга нисбатан душманона муносабатда бўлган, ҲАМАСга хайрихоҳликни тарғиб қилувчи ва ДЕИ (хилма-хиллик, тенглик, инклюзивлик) сиёсатини илгари сурувчи хавфли муҳитни сақлаб қолгани” сабабли қабул қилганини айтди. Апрель ойида вазирлик Гарвардга ҳар бир хорижий талабанинг курс ишлари номи ва ноқонуний фаолиятга жалб қилинган ҳар қандай талаба визаси эгаси ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган 8 та мезон бўйича сўров юборган эди, дея таъкидлайди New York Times.

Ноэмнинг баёнотида айтилишича, университет “72 соат ичида” ДҲСга хорижий талабалар хулқ-атвори бўйича 5 йиллик ёзувларни тақдим этса, SEVP сертификатини тиклаши мумкин.

Оқ уй, ўз навбатида, “хорижий талабаларни қабул қилиш – бу ҳуқуқ эмас, имтиёздир” деб таъкидлади ва Гарвард раҳбариятини “бир вақтлар буюк муассасани Америка Қўшма Штатларига қарши, антисемитик, террорчиларни қўллаб-қувватловчи ташвиқотчилар уясига айлантиришда” айблади.

“Улар Америка талабаларига салбий таъсир кўрсатадиган кенг тарқалган муаммоларни ҳал қилиш чораларини кўришдан бир неча бор бош тортдилар ва энди улар ўз ҳаракатларининг оқибатларига дуч келишлари керак бўлади”, деди CNNга Оқ уй вакили Эбигейл Жексон.

Гарвард вакили ҳукумат ҳаракатларини “ноқонуний” деб атади.

“Биз Гарварднинг 140 дан ортиқ мамлакатлардан келган ва университетни – ва бу мамлакатни беҳисоб бойитадиган хорижий талабаларимиз ва олимларимизни қабул қилиш имкониятини сақлаб қолишга қатъий қарордамиз. Ҳукуматнинг бу жавоб ҳаракатлари Гарвард ҳамжамиятига ва мамлакатимизга жиддий зарар етказиш билан таҳдид қилади, шунингдек, Гарварднинг академик ва тадқиқот миссиясини бузади”, деди Гарварднинг оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича директори Жейсон Ньютон.

ДҲС қарори Гарварднинг халқаро ҳамжамиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин, дея қайд этади CNN. 2024-2025 ўқув йилида Гарвардда 6793 нафар хорижий талаба таҳсил олган, бу умумий талабалар сонининг 27,2%ини ташкил қилади. Жами Гарварднинг халқаро академик ҳамжамияти 9970 кишидан иборат. Гарварднинг халқаро офиси статистик маълумотларига кўра, 2024-2025 ўқув йилида университетда Ўзбекистондан 8 нафар талаба ва тадқиқотчи бор эди.

Гарвард университети ва Трамп маъмурияти ўртасидаги зиддият бир неча ойдан буён давом этмоқда. Апрель ўрталарида ҳукумат ўқув муассасаси Оқ уй талабларига мувофиқ ўқув сиёсатини ўзгартиришдан бош тортганидан сўнг, университетнинг 2,2 миллиард доллардан ортиқ грантлари ва шартномаларини музлатиб қўйган эди. Ўшанда ДҲС университетнинг хорижий талабаларни қабул қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан таҳдид қилган эди. Гарвард эса бунга жавобан миллиардлаб субсидиялар музлатиб қўйилгани сабабли президент маъмуриятига қарши судга даъво аризаси киритган.