«Автоойна» давлат компанияси 200,5 млрд сўмга сотилди. Актив ва харидор ҳақида нималар маълум?

Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) автомобиль ойналари ишлаб чиқарувчи «Автоойна» компаниясидаги 100% давлат улуши сотилганини маълум қилди.

Савдо ғолиби сифатида 200,5 млрд сўм (тахминан 15,5 млн доллар) энг юқори нархни таклиф қилган UET Invest тан олинди. Битим хусусийлаштириш дастури доирасида Portfolio Investments консалтинг компанияси иштирокида амалга оширилди.

Битим шартларига кўра, харидор «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 31-моддасида назарда тутилган тўловни кечиктириш механизмидан фойдаланган ҳолда, сотиб олиш суммасининг 35% бир ой ичида киритиш мажбуриятини олади. Шунингдек, харидор компаниянинг асосий фаолият турини камида 10 йил сақлаб қолиш, General Motors билан лицензия битимларига риоя қилиш ва бошқа тегишли талабларни бажариш мажбуриятини олди.

Давактив хабар беришича, UET Invest’нинг таклифи индикатив қийматнинг юқори диапазонида жойлашган ва активнинг бозор баҳосидан ортиқ. Сотиш тўғрисидаги қарор Хусусийлаштириш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган.

Актив ҳақида

«Автоойна» ўзини Марказий Осиёда Европа стандартларига мувофиқ хавфсиз автомобиль ойналари ишлаб чиқарувчи ягона компания сифатида кўрсатади.

Корхона 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти ҳар қандай русум ва моделдаги автомобиллар учун автомобиль ойналари ишлаб чиқаришдан иборат. Корхона 150 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқаради, ишлаб чиқариш ҳажми йилига 420 мингдан ортиқ донани ташкил этади.

Бу ерда Bystronic Glass (Швейцария), Cugher Glass, Ctriulzi, Mario Argiro, Kera Glass (Италия), Glassrobots, Pilkington (Финляндия) ва Vetrotool (Испания) каби компаниялар технологиялари қўлланилади.

«Автоойна» UzAuto Motors компаниясининг енгил автомобиллари (автобуслар, юк машиналари ва қишлоқ хўжалиги техникалари) учун барча турдаги ойналарни ишлаб чиқаради. Корхонанинг асосий қувватлари завод ҳудудида жойлашган. Корхона шунингдек, BYD Song Plus, KIA Sonet Q21 ва бошқа автомобиль моделлари учун ойналар ишлаб чиқаришни ҳам ўзлаштирган.

«Автоойна» ва Uz-Koram корхоналарини хусусийлаштириш ўтган июль ойида бошланган эди. Дастлаб активга қизиқиш билдирган аризалар 27 августга қадар қабул қилинган, бироқ ДАБА «потенциал инвесторларнинг мурожаатлари» асосида муддатни сентябрга қадар узайтирган.

Ўша пайтда 4 даъвогардан аризалар қабул қилинган бўлиб, улар мажбурий таклифларни тақдим этишга рухсат этилган. Бироқ, улардан фақат иккитаси ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этган, бунда таклиф қилинган нархлар активнинг тахминий қийматидан паст бўлиб чиққан. Шу муносабат билан ДАБА «Автоойна»ни хусусийлаштиришнинг биринчи босқичини такроран ўтказишни эълон қилган.

«Автоойна» компаниясининг 2024 йилдаги соф фойдаси 37,4 млрд сўмни ташкил этди, бу 2023 йилга (23,8 млрд) нисбатан 1,6 баравар кўп, биринчи чоракда эса кўрсаткич 8,2 млрд сўмдан 2,5 млрд сўмгача камайган. Ўтган йилдаги тушум 435,3 млрд сўмга (+4,8%) етди.

Харидор ҳақида

ДАБА маълумотларига кўра, UET Invest электроэнергетика, қайта тикланувчи энергия манбалари, саноат объектлари, йўллар, насос станциялари, аэропортлар, кўприклар, кўчмас мулк ва фуқаролик инфратузилмаси объектлари каби йўналишларда лойиҳалаш, харид қилиш ва қурилиш хизматларини кўрсатувчи Uet Construction компанияси муассиси иштирокида ташкил этилган.

2024 йил якунларига кўра, компаниянинг соф фойдаси қарийб 300 млрд сўмни ташкил этган. Корхоналар реестрига кўра, Uet Invest 2024 йил январь ойида ташкил этилган бўлиб, фондлар ва трастларни бошқариш билан шуғулланади. Устав капитали 52,05 млн сўм. Муассислар сифатида Хурдиёр Ортиқбоев (76,95%) ва UET Construction (23,05%) кўрсатилган. Раҳбари – Ҳаёт Файзиев.

2023 йил апрель ойида ташкил этилган UET Construction муассислари орасида Ҳафизжон Анварович Ғофуров (63%) ва Акмалхон Ҳайдархонов (37%) бор. Биринчиси шунингдек, Revochain Technology, Qapchug`Ay Mevalari Agrofirma, бетон ишлаб чиқарувчи Tremendous, Joseph Capital, Centrum Holidays туроператори, My Freighter юк авиакомпанияси, Standart Meat Angus, Centaurus Group компанияларида улушларга эга.

Ҳайдархоновда эса Legal Advice Company, Zhong Xin Generator ва UET Consulting активлари мавжуд.

2024 йил сентябрь ойида UET Construction Чирчиқ металл қотишмалари заводини 39,9 млрд сўмга сотиб олган эди.

UET Construction шунингдек, Янги Тошкент ҳудудида қурилиш ишларини амалга ошириш ҳуқуқини қўлга киритиб, электрон аукционда ғолиб чиқди. Лойиҳалар орасида 220 КВ ли подстанцияни EPC-пудратчи сифатида қуриш (барча қурилиш ишлари, барча ускуналарни етказиб бериш ва монтаж қилиш, электр ва механик монтаж ишлари), 81 минг кв. м. майдонли турар-жой ва тижорат зонасиҳамда 87 минг кв. м. майдонли офис-тижорат зонаси қурилиши мавжуд.

Бундан аввал компания асосан иссиқлик ва қуёш электр станциялари қурилиши лойиҳаларида иштирок этган.

Сайтда қайд этилишича, 2024 йилда Maxsuselektrtarmoqqurilish компаниясининг сотиб олиниши UET Construction’га Марказий Осиё минтақаси бўйлаб юқори кучланишли электр узатиш линияларини қуриш соҳасидаги компетенцияларини кенгайтириш имконини берди. Таъкидланишича, Maxsuselektrtarmoqqurilish қуйидагилардан биридир:

  • Ўзбекистонда қийин етиб бориладиган ва тоғли ҳудудларда ҳаво электр узатиш линияларини (ЭУЛ) ўрнатиш бўйича ягона корхона;
  • Ўзбекистонда электр узатиш линияларини ўрнатиш бўйича портлатиш ишларини амалга оширувчи ягона корхона;
  • Марказий Осиёда тоғли ва қийин етиб бориладиган ҳудудларда ҳаво ЭУЛ ўрнатиш бўйича замонавий импорт юқори унумли бурғулаш ускуналарига эга ягона корхона;
  • Ўзбекистонда текисликда ҳаво ЭУЛ ётқизишни амалга оширувчи тўртта корхонадан бири;
  • Ўзбекистонда юқори кучланишли 220-500 КВ ҳаво электр узатиш линияларини (ЭУЛ) қуришга ихтисослашган иккита корхонадан бири («Elektrtarmoqqurilish» АЖ ва «Maxsuselektrtarmoqqurilish» АЖ).

Аввалроқ UET Construction’нинг собиқ директори Ҳабибулла Қувондиқов Сув хўжалиги вазири ўринбосари этиб тайинланган эди.