
Россияга визасиз режим асосида келаётган чет эл фуқаролари учун 2025 йил 30 июндан бошлаб «Госуслуги RuID» иловаси орқали мажбурий рўйхатдан ўтиш жорий этилмоқда, дея хабар берди Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси.
Аризани топшириш ва QR-кодни илова орқали РФга киришдан камида 72 соат олдин олиш лозим. Олинган код чегарани кесиб ўтишда тақдим этилиши керак. Рўйхатдан ўтиш учун фотосурат ва шахсий маълумотларни юклаш, шунингдек, тахминий қолиш муддатларини кўрсатиш талаб этилади.
Фавқулодда ҳолатларда, масалан, қариндошининг касаллиги ёки вафоти сабабли, аризани келишдан камида 4 соат олдин топшириш мумкин.
6 ёшгача бўлган болалар ва виза ёки вақтинчалик яшаш рухсатномаси/доимий яшаш рухсатномаси билан кириб келаётганлар, шунингдек, Беларусь фуқаролари рўйхатдан ўтишдан озод қилинади.
6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун аризани ота-оналар ёки қонуний васийлар — уларнинг ўзларининг амалдаги кириш рухсатномаси мавжуд бўлса — топширишади.
Янги қоидалар РФ ҳукуматининг 2024 йил ноябрдаги фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг РФга кириш ва ундан чиқиш қоидалари ва шартларини синаб кўриш бўйича эксперимент ўтказиш тўғрисидаги қарори асосида кучга киради.
1 декабрдан бошлаб Москванинг тўртта аэропортида — Шереметьево, Внуково, Домодедово ва Жуковскийда, шунингдек, Оренбург вилоятидаги «Маштаково» ўтказиш пунктида кириб келаётган чет эл фуқароларининг биометрик маълумотларини (фото ва бармоқ излари) йиғиш бўйича эксперимент ўтказилди. 30 июндан бошлаб худди шундай ўзгаришлар Россия чегарасининг барча ўтказиш пунктларида жорий этилмоқда.

