
Ўзбекистоннинг машҳур онлайн-маркетплейслари Uzum Market, Olcha ва Glotr’да 270 га яқин контрафакт товарлар аниқланди, улардан тахминан 220 таси Uzum Market’да. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулк департаменти хабар берди.
Энг кўп қалбаки маҳсулотлар кийим-кечак, косметика ва маиший техника тоифаларида аниқланган. Хусусан, Puma, Lacoste, Adidas, Chanel, Eclat, Gucci, Samsung, Bosch ва бошқа брендларнинг товар белгилари остида маҳсулотлар сотилган.
Ҳуқуқ эгаларининг мурожаатларига кўра, Uzum Market’да айрим контрафакт товарларнинг сотуви тўхтатилди ва улар платформадан ўчирилди.
«Қолган ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳуқуқ эгаларига маълумот юборилди, уларнинг жавобидан сўнг тегишли таъсир чоралари кўрилади», — дея қайд этди департамент.
Адлия вазирлиги тадбиркорларни интеллектуал мулк ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари ҳақида хабар беришга чақирди.
Uzum Market’нинг изоҳи
Uzum Market «Газета.uz»га берган изоҳида «фақат оригинал маҳсулотларни сотиш сиёсатига амал қилишини» маълум қилди: «Харидорларни қўшимча ҳимоя қилиш учун платформамиздаги оригинал товарлар махсус „Оригинал“ тамғаси билан белгиланади».
Uzum Market шунингдек, контрафакт сотилишининг олдини олиш бўйича бир қатор чораларни амалга оширмоқда:
- 200 дан ортиқ машҳур брендлар учун мажбурий авторизация амал қилади — сотувчилар олдиндан текширувдан ўтмасдан ва қонуний келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмасдан товар жойлаштира олмайдилар;
- модерация ва контент бўлими ассортиментни қоидабузарликлар, жумладан, эҳтимолий контрафакт ҳолатлари юзасидан мунтазам равишда текширувдан ўтказади;
- барча шубҳали товарлар ҳолат аниқлангунга қадар ва сотувчи томонидан тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгунга қадар тезкор равишда блокланади.
«Контрафакт маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш учун биз Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳам, бевосита ҳуқуқ эгалари билан ҳам фаол ҳамкорлик қиламиз», — дея қайд этди компания.