
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 майдаги қарори билан ҳайдовчиларга дам олиш кунлари, мактаб таътилларида ва соат 19:00 дан 7:00 гача мактаблар ва болалар боғчалари яқинида тегишли аҳоли пункти учун белгиланган энг юқори тезликда ҳаракатланишга рухсат берилди.
Ҳужжат «Транспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» деб номланади. Унда таклиф Ички ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлиги томонидан киритилгани қайд этилган.
Шу билан бирга, ИИВга 2025 йил 1 сентябрга қадар мактаблар ва болалар боғчалари яқинидаги кўчаларни «30» тезлик чеклови белгилари ва қоидабузарликларни қайд этувчи воситалар билан таъминлаш бўйича барча чораларни кўриш топширилди.
Икки йил аввал Йўл ҳаракати қоидаларига мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларидан 300 м радиусда тезлик соатига 30 км дан ошмаслиги кераклиги ҳақида норма киритилган эди. Бу қоида тегишли белгилар мавжуд бўлганда амал қилади.
Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоят ва туман марказларида, шунингдек, шаҳарлар ҳудудида ҳаракатланишнинг рухсат этилган тезлиги соатига 60 км, бошқа аҳоли пунктларида эса 70 км/соатни ташкил қилади.
Куни кеча мактаб таълими масалаларига бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳаси раҳбарлари ва барча ҳокимларга ёзги таътил даврида барча таълим муассасаларининг спорт майдончалари ва ўқув хоналарида ёшлар учун спорт, илмий ва касбий тўгараклар очишни топширди.
Мамлакатда 6 миллиондан ортиқ ўқувчи бор.