Ўзбекистонда радарлар тўлиқ инвентаризация қилинади (видео)

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2025 йил охиригача чорраҳалар ва йўллардаги махсус техник воситалар — йўл ҳаракати қоидаларини бузишни қайд этувчи камералар ва радарларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиши лозим. Бу ҳақда 2025 йил 16 майдаги ҳукумат қарорида айтилган, дея хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Инвентаризация натижаларига кўра ўзбошимчалик билан ёки белгиланган тартибни бузган ҳолда ўрнатилган, шунингдек, техник ва стандарт талабларга жавоб бермайдиган техник воситалар демонтаж қилинади.

Тезлик ошириш ҳолатлари тез-тез қайд этиладиган участкаларда автомобилларнинг жорий тезлигини кўрсатувчи ва ҳайдовчиларни огоҳлантирувчи электрон таблолар ўрнатилади.

Бундан ташқари, тадбиркорлар томонидан махсус техник воситалардан фойдаланишда шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш чоралари кўрилади.

Аввалроқ хабар қилинганидек, ушбу қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда йўл ҳаракати тезлигини назорат қилувчи ҳар қандай стационар ёки мобил радарларни йўл белгиси билан белгилаш мажбурий бўлади.