Президент мактабларининг PISAга таъсири ҳақида

15 ёшли ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолаш бўйича PISA халқаро тадқиқоти асосчиси Андреас Шляйхер Ўзбекистондаги барча президент мактабларининг тадқиқот танланмасига киритилиши бўйича «Газета.uz» саволларига жавоб берди.

Аввалроқ мамлакатнинг ҳар бир вилоятида биттадан бўлган 14 та президент мактабининг тадқиқотда иштирок этиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Экспертлар бу «вакиллик принципини бузишини», чунки таълим сифати юқори бўлган президент мактаблари ўқувчилари мамлакат бўйича озчиликни ташкил этишини таъкидлашган эди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова танқидга жавобан «вазирликка кўзбўямачилик эмас, ҳалол таҳлил кераклигини» айтган эди. Шу билан бирга, у тадқиқотда иштирок этиш учун 233 та мактаб тасодифий танлаш принципи асосида сараланганини маълум қилган.

Андреас Шляйхер Ўзбекистондаги барча 14 та президент мактаби PISAнинг стандарт пропорционал танланмасидан ташқари қўшимча танланма (oversample) сифатида тадқиқот дастурига киритилганини тасдиқлади.

«Ўзбекистон бўйича тадқиқот натижаларини тайёрлашда ушбу мактабларнинг ҳаддан ташқари кўпчиликни ташкил этиши мамлакатдаги барча ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар аниқ акс этиши учун ҳисобга олинади. Президент мактабларининг натижалари мамлакатдаги барча ўқувчилар орасидаги улушига мутаносиб равишда ҳисобга олинади», — деди тадқиқот асосчиси.

Унинг сўзларига кўра, бундай ёндашув PISA учун стандарт ҳисобланади, қачонки мамлакатлар умуммиллий натижалар билан бир қаторда мактаблар ёки ўқувчиларнинг айрим турларини қўшимча таҳлил қилмоқчи бўлса.

Айрим турдаги мактабларнинг ҳаддан ташқари таъсиридан қочиш ва бутун мамлакат бўйича натижаларни акс эттириш учун PISA sampling weights усулини қўллайди.

Хусусан, Ўзбекистон учун танланма аввал ҳудудлар ва аҳоли пунктлари турлари (шаҳар/қишлоқ) бўйича 27 та стратификацияланган гуруҳ (страта) бўйича пропорционал равишда тақсимланган. Сўнгра 14 та президент мактаби алоҳида, қўшимча стратификация гуруҳи сифатида қўшилган.

Ихтисослаштирилган мактабларга келсак, ихтисослашув стратификациянинг аниқ параметрларига киритилмаган, лекин ҳар бир аниқ страта доирасида мактабларни саралашда ноаниқ (implicit) стратификация белгиси сифатида фойдаланилган.

«Ўзбекистон 14 та президент мактаби ўқувчиларининг тўлиқ таркибини киритишни сўради, токи ушбу муассасаларнинг таълим натижалари тўғрисида қимматли маълумотлар олинсин, — дея аниқлик киритди Андреас Шляйхер. — Улар PISAнинг пропорционал равишда тақсимланган асосий танланмасидан ташқари қўшилди, яъни улар бошқа мактабларнинг ўрнини эгаллагани йўқ ва фақат ўзларинигина ифодалайди. Улар ўз стратификация гуруҳига киритилган, шунинг учун таҳлил қилишда уларни PISAнинг асосий танланмасидан алоҳида ажратиб кўрсатиш осон».

Президент мактабларининг қўшимча танланмасига қарамай, улар Ўзбекистон бўйича PISAнинг миллий натижаларига катта таъсир кўрсатилмаслигига ишонч билдирди.

Андреас Шляйхер Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) бош котибининг таълим сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси.

PISA тадқиқоти 2000 йилдан буён ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади.