Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги биноси сотувга қўйилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги жойлашган маъмурий бинони сотувга қўйди. Бу ҳақда E-auksion платформасида маълумот эълон қилинди.

Объект Ўрда массивида — Абдулла Қодирий шоҳ кўчасида, Лабзак кўчаси билан кесишмаси яқинида жойлашган. Хусусийлаштириш учун асос сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 декабрдаги (очиқ манбаларда мавжуд бўлмаган) 888-сонли қарори кўрсатилган.

Бино замонавий меҳмонхона қуриш мажбурияти, шунингдек, сотиб олиш нархининг камида 50% миқдоридаги бошланғич тўлов билан сотилади. Харидор Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги томонидан 2025 йил 1 июлгача бўшатилганидан кейин объектдан фойдаланиш ҳуқуқини олади.

Бино саккиз қаватдан иборат бўлиб, 0,46 гектар майдонда жойлашган. Умумий майдони 7382 квадрат метрни ташкил этади. Барча муҳандислик коммуникациялари — электр таъминоти, газ таъминоти, сув таъминоти ва канализация мавжуд.

Лотнинг бошланғич нархи 101,65 миллиард сўмни ташкил қилади. Аризалар 2025 йил 26 май соат 9:00 гача қабул қилинади, натижалар шу куни соат 10:00 да эълон қилинади.

Қайд этиш жоизки, ҳокимлик биноси “Навоийуран” корхонаси балансида туради. Майдони 8218,3 квадрат метр бўлган ушбу бинони 0,6 гектар ер майдони билан сотиш ҳам 2025 йилги хусусийлаштириш дастурига киритилган. Объектни сотишдан тушган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилгандан сўнг, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг янги Геоинновация маркази бино ва иншоотларини қуришга мақсадли йўналтирилади.