
Ўзбекистон АҚШ билан миграция сиёсати ва фуқароларни репатриация қилиш соҳасидаги ҳамкорликни фаол равишда кучайтирмоқда, деб хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ахрор Бурхонов.
Аввалроқ эришилган икки томонлама келишувлар доирасида 2025 йил 30 апрель куни Нью-Йорк — Тошкент йўналишида махсус чартер рейси ташкил этилади. Унинг мақсади — АҚШ ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган ва депортация қилиниши лозим бўлган ўзбекистонлик фуқароларни Ватанга қайтаришдир.
Ушбу рейс орқали 100 дан ортиқ ўзбекистонлик АҚШни тарк этади.
«Бу репатриация ташаббуси чет элда қийин вазиятга тушиб қолган ўзбекистонлик фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган бўлиб, халқаро нормалар, мажбуриятлар ва инсон ҳуқуқлари доирасида амалга оширилмоқда. Улар визавий талабларни бузган ёки АҚШда қонуний яшаш муддати тугаган шахслардир», — дейилади хабарда.
«Репатриация жараёни гуманитар ва ҳуқуқий тамойиллар асосида ташкил этилган бўлиб, фуқароларнинг муносиб ва хавфсиз қайтишига қаратилган», — дея таъкидлади ТИВ.
Чартер рейсни ташкил этиш Ўзбекистон ва АҚШнинг консуллик ҳамда миграция идоралари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилмоқда. «Барча чоралар репатриация қилинаётган фуқароларнинг ҳуқуқларига энг юқори даражада ҳурмат қилган ҳолда ва Ўзбекистон ҳамда АҚШнинг амалдаги қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда кўрилмоқда», — деб таъкидлади Ташқи ишлар вазирлиги.
Вазирликка кўра, ушбу қадам Ўзбекистоннинг миграция оқимларини тартибга солиш, чет элдаги фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси, ижтимоий ва ҳуқуқий мослашуви, шунингдек, уларнинг хавфсиз ва инсонпарвар қайтиб келишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли сиёсатининг бир қисми ҳисобланади.
«Ўзбекистон ўзининг миграция сиёсатини ривожлантиришда давом этади ва ҳар қандай шароитда фуқароларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишга интилади», — дейилади вазирлик баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиёдан бўлган ноқонуний мигрантларни АҚШ илк бор Панама ва Коста-Рикага юборган — мос равишда 120 ва 200 киши. АҚШ элчихонаси ходими «Gazeta.uz»га маълум қилишича, бу ташаббуслар Дональд Трамп ҳокимиятга келганидан кейин фаоллаштирилган.
Айрим АҚШ ОАВ ўшанда мигрантлар келиб чиқиш мамлакатлари уларни қайтариб олишга ҳоҳишсизлик билдираётганини ёзган эди. Бироқ, «Gazeta.uz»нинг АҚШ элчихонасидаги манбаси таъкидлашича, АҚШ «Ўзбекистоннинг депортация масаласида ҳамкорлик қилмаётгани тўғрисидаги даъволарни мутлақо рад этади». Аксинча, Ўзбекистон АҚШнинг депортация бўйича сўровларига жавоб бераётган ишончли ва жавобгар ҳамкор бўлиб қолмоқда, — деб таъкидлаган.