Ўзбекистон ва Қирғизистон Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишувга эришди

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегацияларининг давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича навбатдаги қўшма мажлиси 2025 йил 24 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари — Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев раислик қилди.

Ўзбекистон Ҳукумати матбуот хизмати маълум қилишича, музокаралар давомида ўзбек-қирғиз давлат чегараси лойиҳавий чизиғи ўтишининг тавсифи ҳамда Чашма булоғини Қирғизистон ҳудудида қолдириш ва ҳукуматлар ўртасида булоқдан биргаликда фойдаланиш бўйича шартнома лойиҳасининг асосий шартлари тасдиқланди.

Томонлар Чашма булоғини Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг умумий мероси сифатида эътироф этдилар. Қирғизистон томони Ўзбекистон фуқаролари учун булоққа эркин ва тосқинликсиз киришни таъминлаш, булоқда шаклланадиган сув ҳажмининг учдан икки қисмини Ўзбекистон томони томонидан фойдаланиш, шунингдек, булоқ сув ресурсларининг ҳажми ва сифатини ўзгартириш мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатларни Ўзбекистон томони билан келишиш бўйича келишувга эришилди.

«Шунингдек, томонлар дўстлик ва қўшничилик руҳида Чашма булоғидан икки давлат фуқаролари томонидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай чора-тадбирларга йўл қўймасликка келишиб олдилар», — дейилади хабарда.

Томонлар Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш бўйича ҳукуматлар ўртасидаги шартномани ва Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ўртасида давлат чегараси участкаси бўйича шартномани қисқа муддатда келишиш ва имзолаш бўйича келишиб олдилар.

Музокаралар давомида ўзбек-қирғиз давлат чегараси орқали айрим назорат-ўтказиш пунктларининг мақоми ва иш режими бўйича умумий позициялар ҳам муҳокама қилинди.

«Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг ўзаро сафарлари ва юк ташиш жараёнларини анча енгиллаштирадиган назорат-ўтказиш пунктларининг фаолияти юзасидан ягона ёндашувни ишлаб чиқиш бўйича икки томонлама музокаралар жараёни юқори баҳоланди», — дейилади хабарда.

Икки давлат аҳолиси учун қулай шароит яратиш мақсадида 2004 йилдаги назорат-ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимга ўзгартишлар киритиш бўйича тез фурсатда протокол имзоланишининг муҳимлиги таъкидланди.

Томонлар яқин вақт ичида икки мамлакат тегишли идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар учрашувини ўтказишга келишиб олдилар.

«Қабул қилинган қарорлар Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси раҳбарлари томонидан белгиланган давлат чегарасини дўстлик, қўшничилик, тинчлик ва тотувлик чегарасига айлантириш йўлига тўлиқ мос келади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани аҳолиси ўртасида Чашма булоғи ариқларини биргаликда тозалаш пайтида келиб чиққан тортишув оқибатида можаро юз берган эди. Фуқаролар бир-бирларига тош отган эдилар.

Можародан кейин Сўх туманининг 187 нафар аҳолиси жабрланган, шулардан 15 нафари оғир аҳволда бўлган, Қадамжой туманидан эса 25 киши жароҳат олган эди. 1 июнь куни можарони бартараф этиш мақсадида Бош вазир Абдулла Арипов Сўх туманига ташриф буюрган эди. Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ҳам телефон орқали вазиятни муҳокама қилган ва муаммоли масалаларни ҳал этиш учун саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олган эдилар.

2021 йил март ойида Фарғона вилояти суди можародаги 22 нафар иштирокчини «оммавий тартибсизликлар» моддаси бўйича 5, 4 ва 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш жазоларига ҳукм қилган эди.