Ўзбекистонда таълим, экология, божхона ва ФВВ ходимлари пора олишда қўлга олинди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан коррупциявий фаолиятда гумонланган қатор мансабдор шахслар қўлга олинди, деб хабар қилди ДХХ.

Тошкент шаҳрида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи тарих фани ўқитувчисидан 3000 доллар пора олаётганда ушланди. У ушбу сумма эвазига мактабларнинг бирида директор лавозимига тайинлашда ёрдам беришни ваъда қилган.

Тошкент вилоятидаги «Янгийўл» божхона пости инспектори воситачи орқали 2700 доллар пора олгани фош бўлди. У Қозоғистондан буғдой импорт қилиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи компания вакилларига юкларни божхона кўригисиз ва расмийлаштиришсиз ўтказиб беришни ваъда қилган.

Самарқанд вилояти Жамбой тумани фавқулодда ҳолатлар бўлими бошлиғи 1988 йилда туғилган фуқародан хусусий уйда мактабгача таълим муассасаси (боғча) очиш учун ёнғин хавфсизлиги хулосасини ижобий бериш ва ҳомийлик қилиш эвазига 200 доллар талаб қилган. У пулни олаётганда қўлга олинган.

Шу вилоятнинг Пахтачи туманида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими раҳбари маҳаллий компанияларга карьерда ишлар олиб бориш ва Карнаб қишлоғидаги Наквойсой дарёсидан шағал қазиб олиш учун рухсатнома ва экологик хулоса бериш эвазига 2000 доллар пора олаётганда ушланган.

Кўрсатилган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) бўйича жиноят ишлари қўзғатилган, улар қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.