
2024 йил 23 март куни Наманган вилояти Учқўрғон туманида балоғат ёшига етмаган қиз Spark автомобилни ҳайдаб, каналга тушиб кетди. Бу ҳақида вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, эркак Spark автомобилини ўзининг 16 ёшли, ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлмаган қизига бошқариш учун топширган ва ўзи олди ўриндиққа ўтирган. Орқа ўриндиқда қизнинг онаси ва 10 ёшли синглиси бўлган.
Ички йўлда ҳаракатланаётганда хавфли бурилишда қиз бошқарувни йўқотиб, ўнгга бурилиш вақтида Андижон каналининг ёқасига чиқиб кетган ва сувга тушиб кетган.
ЙТҲ натижасида қизнинг онаси ва синглиси сув нафас йўлларига кириб кетиши оқибатида ҳалок бўлган. Қиз ва унинг отаси жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.
Вилоят ЙҲХББ ушбу воқеа ҳақида видеоролик орқали маълум қилган. Унда айтилишича, ушбу туманда яна бир фожиали ҳолат юз берган: ўсмир бола ота-онасидан беxабар равишда автомобилни ҳайдаб чиқиб, 4-синф ўқувчисини уриб юборган ва бола касалхонада вафот этган.
2024 йил давомида Ўзбекистонда расман 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Улар натижасида 8901 киши жароҳат олган, 2203 киши эса ҳалок бўлган.