Андижон вилоятида Бобур шаҳри пайдо бўлди

Андижон вилоятида қурилаётган Янги Андижон шаҳри буюк аждодимиз, Темурийлар сулоласи ва Бобурийлар давлати асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталади. Бу таклифни президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 15 апрель куни Андижондаги «Янги Ўзбекистон» боғида сўзга чиқар экан, маълум қилди. Бобур 1483 йилда айнан Андижонда туғилган.

«Бобур шаҳри бизнинг орзуимиздаги энг чиройли, энг замонавий шаҳарга айланиши керак», — деди давлат раҳбари. «Бу ерда янги бобурийларни тарбиялаш мақсадида катта таълим кластери барпо этилади. У махсус болалар боғи ва мактаб, университет, музей, кутубхона ҳамда буюк аждодимиз номи билан аталувчи IT-паркни ўз ичига олади. Университет ҳудудида эса энг замонавий талабларга жавоб берадиган спорт мажмуаси қурилади».

Боғнинг энг баланд нуқтасига Захириддин Муҳаммад Бобурнинг янги ҳайкали ўрнатилади.

Бу режаларни амалга ошириш учун 250 миллион доллар маблағ ажратиладиган махсус дастур қабул қилиниши кўзда тутилган. Фондга ҳар йили қўшимча маблағ ажратиб борилади.

«Қайси давлатда, дунёда қаерда бўлмасин, Заҳириддин Муҳаммад Бобур умри давомида Ватанга, болалик гўшаларига соғинч билан яшаган. Ўйлайманки, сизлар ҳам мен билан розисизлар, буюк аждодимизнинг орзуси амалга ошди, у гўё яна Ватанга қайтди. Барчангизни бу тарихий воқеа билан табриклайман!» — деди президент.

Маълумот учун, Андижон Ўзбекистонда аҳоли сони энг кўп бўлган шаҳар ҳисобланади — мамлакат аҳолисининг 10%и фақат 1% ҳудудда яшайди. Янги Андижон (энди — Бобур) 2021 йилда қурила бошланган. Шаҳар Андижон туманидаги, олдин қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаган 4000 гектар майдонда қурилмоқда. Қурилиш 8 босқичда амалга оширилади.

Президент матбуот хизмати маълум қилишича, бугунги кунда 1770 хонадонли 63 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. 1680 ўринли мактаб, 420 ўринли боғча, бир сменада 250 қабулга мўлжалланган поликлиника, енгил саноат корхонаси ва ипотека маркази фаолияти йўлга қўйилган. Жорий йилда яна 1000 дан ортиқ хонадонли 40 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган.

Умумий 1439 гектар майдонда жами 2000 та кўп қаватли уй барпо этилади. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилади, 1820 гектар ҳудудда яшил майдонлар ташкил этилади. Шаҳар қурилиши тугаллангандан сўнг 410 минг нафардан зиёд аҳолини қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Бобур шаҳридаги «Янги Ўзбекистон» боғи 19 гектарни эгаллайди. У ерда 10 мингдан зиёд манзарали дарахт, буталар ва гуллар экилган.