Маиший зўравонликдан жабрланганлар ярашиш муддатисиз ажраштирилади

Ўзбекистон Президенти 2025 йил 9 апрель куни маиший зўравонликдан жабрланган шахсларнинг хавфсизлиги ва муносиб турмуш шароитига бўлган ҳуқуқларини кафолатловчи қонунчиликка ўзгартиришларни имзолади.

Оила кодексига киритилган ўзгартиришга кўра, маиший зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига биноан никоҳни бекор қилиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқаётган суд томонидан томонларни яраштириш учун муддат белгиланмайди.

Шунингдек, Турар жой кодексига киритилган қўшимчага мувофиқ, турар жойдан фойдаланиш юзасидан келишув асосида юзага келган низоларни кўриб чиқиш чоғида суд турар жой эгасининг ташаббуси билан келишув шартлари асосида мажбурий равишда турар жойга жойлаштирилаётган томонни ўша шахсга тегишли бўлган бошқа турар жойга тенг шартларда жойлаштириш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини турар жой эгасига юклаши мумкин.

Қонун сенат қўмиталарида муҳокама қилиниши жараёнида таъкидланганидек, суд қарорини кечиктириш айрим ҳолларда фожеали оқибатларга — хотин-қизларнинг ўлими ёки ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига олиб келаётгани қайд этилган.

Хусусан, 2023 йил 15 октябрь куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида фуқаро Ф. Жонқобилов рафиқаси Д. Турдиевага оғир тан жароҳати етказган ва у вафот этган. Тергов давомида маълум бўлишича, охирги икки йил давомида эр-хотин ўртасида рашк асосида мунтазам низо бўлиб келган ва 2023 йил июль ойида улар Яккабоғ туманлараро судига ажрашиш ҳақида ариза билан мурожаат қилган. Суд мажлиси 2023 йил ноябрь ойига, ярашиш муддати ҳисобга олинган ҳолда белгиланган.

Сенаторлар қонун муҳокамаси давомида зўравонлик ва босим доимий кузатиладиган оилаларда ажрашишга тўсқинликларни бартараф этиш янги қурбонларнинг олдини олишга хизмат қилишига ишонч билдиришди.

Қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.