
2025 йил 12 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэль Макроннинг Париждаги музокаралари якунлари бўйича давлат раҳбарлари Стратегик шерикликни ўрнатиш тўғрисида Қўшма декларацияни имзоладилар.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беришича, шунингдек, қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
- мутахассислар ва талабаларнинг мобиллигини таъминлаш тўғрисида ҳукуматлараро келишув;
- Ўзбекистон-Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро келишув;
- реадмиссия тўғрисида ҳукуматлараро келишув;
- инвестиция ва инновация соҳаларида ҳамкорлик дастури, бу дастур доирасида етакчи француз компаниялари билан Ўзбекистонда 6,5 миллиард евро қийматида истиқболли кооперация лойиҳалари амалга оширилади;
- 2025−2026 йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик дастури;
- 2026−2030 йилларга мўлжалланган Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик дастури;
- дипломатик паспорт эгалари учун визадан ўзаро озод этиш тўғрисида ҳукуматлараро келишув;
- халқаро ташкилотлар доирасида ҳамкорлик тўғрисида декларация;
- соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида декларация;
- француз тилини ўқитишни кенгайтириш тўғрисидаги протокол;
- мусиқа, кино ва театр соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида декларация;
- Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг Франция Маданият вазирлиги, Франция Миллий маданий мерос институти ва Франция Марказий Осиё тадқиқот институти билан ҳамкорлик бўйича келишувлари;
- Тошкент ва Париж шаҳарлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги протокол, шунингдек, бошқа икки томонлама ҳужжатлар.