
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикасининг Фахрий легион ордени билан тақдирланди. Юқори даражадаги мукофотни 2025 йил 12 март куни Франция президенти Эммануэль Макрон тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беришича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, икки халқ ўртасида дўстлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун ушбу орден билан тақдирланган.
Мукофотни қабул қилиб олаётганда, Ўзбекистон президенти Франция раҳбарига самимий миннатдорчилик изҳор этди ва сўнгги йилларда самарали ҳамкорликнинг юқори натижаларга эришганини мамнуният билан таъкидлади.
Жорий давлат ташрифи давомида Парижда президентлар муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш бўйича ҳужжат имзоладилар.
Фахрий легион ордени 1802 йилда таъсис этилган. Ушбу орденни топшириш Францияда энг юксак мукофот, шараф ва алоҳида хизматларнинг расмий эътирофи ҳисобланади.