“Ўқитувчилардан пул йиғишга йўл қўйилмайди” — Мактабгача ва мактаб таълими вазири

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ўқитувчилар ва таълим муассасалари ходимларини ўз вазифаларига кирмайдиган ишларга мажбур қилиш ва улардан пул йиғишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда бу масалалар бўйича мурожаатлар сони сезиларли даражада камайган, аммо тизимда ҳали ҳам айрим раҳбарлар эски схемалар бўйича ишлашда давом этмоқда.

«Яқинда биз Қува туманидаги мактаблардан бирининг директори билан меҳнат шартномасини бекор қилдик. У ўқитувчиларнинг маошидан 700 минг сўмдан ушлаб қолиб, Open Budget лойиҳаси доирасида овоз йиғишни талаб қилган», — деди вазир.

У 2025 йил 11 март куни «Ташаббусли бюджет» лойиҳалари учун овоз бериш босқичи бошланганини эслатиб ўтди. Унинг таъкидлашича, мазкур ташаббус бюджет жараёнининг шаффофлиги ва фуқаролар иштирокини таъминлашга хизмат қилади, аммо мажбурий овоз бериш ёки маблағ йиғишга уринишлар ислоҳотларга соя солади.

«Мен яна бир бор таъкидламоқчиман: ўқитувчиларни ўз вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб этиш ва турли мақсадлар учун пул йиғишга асло йўл қўйилмайди», — деди вазир.

У ўқитувчилар ва мактабгача таълим тизими ходимларини бундай ҳолатлар ҳақида вазирликка хабар беришга чақирди. «Биз ҳар бир ҳолатни кўриб чиқамиз ва педагогларнинг манфаатларини ҳимоя қиламиз», — деди Умарова.

2023 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўқитувчиларни «Ташаббусли бюджет» доирасида овоз беришга мажбурлаган ҳолатлар бўлса, 71−202−09−09 рақамига мурожаат қилишга чақирган эди.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия ҳам турли соҳалар ходимларини овоз йиғишга жалб қилиш бўйича хабарларни ўрганаётганини маълум қилган.

2023 йил март ойи охирида Ўзбекистонда педагог ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилган эди.