Тошкентнинг икки туманида ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш бўйича яна икки автоматик станция ўрнатилди

Яшнобод ва Олмазор туманларида ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш бўйича яна икки автоматик станция фойдаланишга топширилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Станциялар «Атмосфера ҳавосининг ифлосланишини мониторинг қилишни автоматлаштириш» лойиҳаси доирасида Ўзгидромет, Экология вазирлиги ва «Zamin» халқаро жамоат фонди ҳамкорлигида ўрнатилган.

Хабарда таъкидланишича, ушбу станциялар юқори аниқликда ҳаво ифлосланишини ўлчаш технологиясига эга лабораториялар ҳисобланади. Улар жойлаштирилган манзиллар аҳоли зичлиги, асосий йўллар, транспорт магистраллари ва қўриқланадиган табиий ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда танланган.

Станциялар сони ошгани сари Ўзгидромет ходимлари улардан келиб тушаётган маълумотларни таҳлил қилиш, шунингдек, ускуналар ва дастурий таъминотни ишлатиш бўйича мунтазам ўқитиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил январь ойида Тошкентда ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш бўйича 3 та автоматик станция ўрнатилган эди. Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон бўйлаб шундай станциялар сони 21 тага етди.

Касбий мониторинг станциялари ўлчовлари маиший ҳаво сифати сенсорларидан фарқи – газоанализаторлар билан жиҳозланган автоматик мониторинг станциялари ҳаво сифати бўйича халқаро стандартларга (ISO, EN, TUV) мувофиқ деб тан олинган ва бир неча квадрат километр майдондаги ҳаво ифлосланишини акс эттириши билан эталон ҳисобланади. Шунингдек, маиший датчиклар маҳаллий шароитни кўрсатади, холос.