
Шуҳратбек Қурбонов Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ) – Humo тўлов тизими оператори раиси лавозимидан озод этилди. Бу қарор 2025 йил 6 март куни бўлиб ўтган акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилинди.
Ягона корпоратив маълумотлар порталида эълон қилинган ҳужжатга кўра, Қурбонов ўз хоҳишига кўра Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 160-моддаси асосида лавозимидан озод этилган.
У Humo га 2018 йил декабрида ташкил топганидан бери раҳбарлик қилган.
Унинг сўзларига кўра, Humo лойиҳаси Марказий банкнинг собиқ биринчи раис ўринбосари Тимур Ишметов (ҳозирда Марказий банк раиси), собиқ раис ўринбосари Ботир Захидов (ҳозирда Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазири) ҳамда Марказий банк Тўлов тизимлари ва ахборот технологиялари департаментининг собиқ раҳбари Илҳом Абдуғаффаров (ҳозирда Транспорт вазири ўринбосари) кўмагида яратилган.
“Тимур Ишметов, Ботир Захидов, Илҳом Абдуғаффаров ва бошқа кўплаб инсонлар ёрдамисиз Humo пайдо бўлмасди. Улар нафақат бизга ишонди, балки жамоамиз ташаббусларини қўллаб-қувватлашди. “PIN-кодсиз 50 минг сўм тўлов” ғоясининг Ўзбекистонда амалга оширилгани ҳам ўзгача аҳамиятга эга”, – деб ёзди у LinkedIn да.
МБПМ нинг янги бошқарув раиси этиб Алексей Максимов тайинланди. Унинг меҳнат шартномаси 7 мартдан кучга кириб, уч йилга мўлжалланган.
Максимов 2023 йилдан бери Octobank да бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаган. 5 март куни банк кузатув кенгаши унинг шахсий илтимосига кўра уни бошқарув таркибидан чиқарди. У 1999 йилда Тошкент электротехника алоқа институтини, 2009 йилда Тошкент молия университетини тамомлаган.
Акциядорлар йиғилишида МБПМ кузатув кенгашининг янги таркиби ҳам тасдиқланди. Унинг аъзолари:
- Улуғбек Баҳодиров – “Ўзбекенгилсаноат” уюшмаси Orange Textile Profi молия масалалари бўйича директор ўринбосари;
- Шуҳратбек Равшанбекович Қурбонов;
- Абдуқаҳҳор Абдурауфович Тошмуҳамедов – Yangi Kokaldosh директори;
- Фань Цзигуан;
- Ли Цзыцзянь.
Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) МБПМ нинг аффилланган шахслар рўйхатидан чиқарилди.
28 февраль куни МБПМ Paynet ни аффилланган шахслар рўйхатига киритди. Paynet декабрь ойида Humo нинг 100% акциясини 840,3 миллиард сўмга ($65 миллион) сотиб олган ва ҳозирда 155,44 миллиондан ортиқ оддий акцияларга эгалик қилмоқда.
Humo нинг сотилиши ҳақида
Humo миллий тўлов тизими 2018 йил сентябрида ташкил этилган. Ўша пайтда давлат банклараро процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизими хавфсизлигини камайтириши, ягона тўлов инфратузилмасини интеграция қилиш имконини чеклашини ва бозорда ягона монопол тизим ҳукмронлигига олиб келишини таъкидлашган.
Humo тизими Ўзбекистондаги ягона процессинг маркази бўлган Uzcard даги йирик дастурий носозликдан сўнг пайдо бўлган.
Шухрат Қурбонов миллий тўлов тизимини децентрализация қилиш мақсади – бозордаги монополияга йўл қўймаслик ва банкларни мустақил субъектга айлантиришдан иборат эканини таъкидлаган.
Компаниянинг устав капитали 155,4 миллиард сўмни ташкил этади. Бугунги кунда 27 миллиондан ортиқ Humo карталари чиқарилган, 210 мингдан зиёд терминал ва 6400 дан ортиқ банкомат ўрнатилган.
2024 йил 30 ноябрь санасидаги президент қарорига мувофиқ, Humo нинг давлат улуши Давлат активларини бошқариш агентлиги балансига ўтказилган. Ўшанда агентлик Humo хусусийлаштирилмаётганини маълум қилган.
Бироқ, 2024 йил 19 апрелдаги президент қарорига кўра, Humo 247 та давлат улуши ёки акция пакети сотувга қўйиладиган компаниялар рўйхатига киритилган.
Humo ни сотиб олган Paynet тўлов хизмати 2024 йил 25 декабрда шартнома имзоланганини маълум қилган, аммо Давлат активларини бошқариш агентлиги бу ҳақида 13 январь куни эълон қилган. Давлат органи савдоларга бошқа иштирокчилар, шартлар ва бошланғич баҳолар ҳақида маълумот бермаган.
Humo нинг 2024 йилдаги соф фойдаси 168,3 миллиард сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 47,1% га ўсган. Тақсимланмаган фойда 203,3 миллиард сўмга (+107,6%) етган, ҳисобварағидаги пул маблағлари эса 233,5 миллиард сўмни (+154,4%) ташкил қилган.