Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб Аюбхон Раҳматуллаев, Миграция ва персоналлаштириш департаменти раҳбари этиб Улуғбек Ташходжаев тайинланди

Аюбхон Раҳматуллаев ва Улуғбек Ташходжаев

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида мамлакатдаги жиноятчилик ҳолатини барқарорлаштириш масалаларига бағишланган тезкор йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар берди ИИВ матбуот хизмати.

Йиғилишда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари муҳокама қилинди.

«Кадрлар сиёсати, хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш йўналишларида олиб борилган ишлар танқидий баҳоланди», — дейилади хабарда.

Йиғилишда кадрлар масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Аввалроқ Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган Аюбхон Тошхўжаевич Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Шунингдек, тадбирда шахсий маълумотларни ҳимоя қилишни такомиллаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Улуғбек Шухратович Ташходжаев Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти раҳбари лавозимига тайинланди. У бунгача, 2023 йилдан бошлаб Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш агентлигини бошқариб келган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 3 март куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигини қарийб 7,5 йил давомида бошқарган Пўлат Бобожонов президент маслаҳатчисининг кадр сиёсати бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган эди.

Ўзбекистоннинг янги ички ишлар вазири этиб, шу пайтгача Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Азиз Тошпўлатов тайинланди. Бўшаган лавозимга эса Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Равшан Султонхўжаев тайинланди.

Бундан бир неча кун ўтиб, ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — ИИВнинг Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи Шавкат Раҳмонов лавозимидан озод этилди. Бош вазир унинг фаолиятини танқид қилганидан сўнг, ишдан бўшатилгани маълум қилинди.

Аввалроқ хабар қилинганидек, 2024 йилда Ўзбекистонда жиноятчилик 25,8% га ошган, 2020 йилга нисбатан эса икки баробар кўпайган. Тошкентда бу кўрсаткич 1,5 бараварга ошган. Ўғрилик ҳолатлари 3,3 марта, фирибгарлик эса 1,6 марта кўпайган. Жиноятлар орасида оғир ва ўта оғир турлари сони ҳам ортган. Шу билан бирга, жиноят содир этган шахслар сони учдан бир қисмга камайган.