
Ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримов (10−1−2, 7 KO) мағлубиятга учради. У мағлуб бўлган рақиби мағлубиятсиз америкалик Вержил Ортис-жуниор (23−0, 21 KO) бўлди. Жанг 2025 йил 23 февралга ўтар кечаси Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳридаги бокс кечаси доирасида бўлиб ўтди.
Бу энг томошабоп жанг эмас эди, аммо 26 ёшли Ортис-жуниор ҳакамларнинг бир овоздан қабул қилган қарори билан (117−111, 115−113, 115−113) ғалаба қозонди. У ўзининг мағлубиятсиз сериясини сақлаб қолди ва биринчи ўрта вазнда WBC муваққат (вақтинча) чемпиони унвонини ҳимоя қилди.
30 ёшли Мадримов жангнинг биринчи ярмида Ортиснинг кўплаб кучли томонларини нейтраллаштиришга муваффақ бўлди. Аммо америкалик боксиёр темпни оширганидан сўнг, ташаббусни ўз қўлига олди ва жангни назорат қила бошлади, натижада Мадримов ҳаддан ташқари эҳтиёткор кўринишда ҳаракат қилди.
Ортиснинг жисмга берган зарбалари айниқса хавфли кўринди. Мадримов қарши ҳужумлар уюштиришга уринди, баъзида муваффақиятли, кейин эса охирги раундларда босимни оширди, аммо бу ғалаба учун етарли бўлмади.
«Биз айнан шундай жангни кутгандик. Бу оғир жанг бўлишини билардик. [Исроил Мадримов] ғалаба учун келган эди», — деди Ортис. «Менга фақат сабрли бўлиб, ҳаддан ташқари олдинга отилмаслик керак эди. Мен ақл билан ҳаракат қилишим ва зарбаларни аниқ танлашим лозим эди… Мен фақат энг яхши боксчилар билан жанг қилмоқчиман. Туркий (Ал аш-Шайх) менга кимни рақиб қилиб берса ҳам, розиман. Мен ҳеч қачон жанглардан қочмайман».
30 ёшли Мадримов ҳаваскор боксда Осиё ўйинлари совриндори ва Осиё чемпиони ҳисобланади. У 2018 йили АҚШнинг Атлантик-Сити шаҳрида профессионал фаолиятини бошлаган. Ўша жойда ўзбекистонлик бошқа профессионал боксчилар Шаҳрам Ғиёсов ва Муроджон Аҳмадалиев ҳам муваффақиятли иштирок этган.
2024 йилнинг мартида у Ар-Риёдда Магомед Қурбановни (25−1, 13 KO) 5-раундда нокаутга учратиб, биринчи ўрта вазнда WBA чемпионига айланган эди.
Бироқ Ортисга учраган мағлубияти собиқ жаҳон чемпиони Мадримов учун кетма-кет иккинчи мағлубият бўлди. Чунки у бундан аввалги жангда икки карра мутлақ жаҳон чемпиони Теренс Кроуфордга ютқазган эди.
Бундай натижалар 30 ёшли Мадримов учун қимматга тушиши мумкин. Чунки сўнгги икки жанг — Теренс Кроуфорд ва эндиликда Ортисга қарши тўқнашувларда у ўзининг юқори савиясини ва рақибларига муаммо туғдира олиш қобилиятини кўрсатди. Аммо, Bad Left Hook нашрига кўра, агар боксчида кенг мухлислар базаси бўлмаса ва катта маблағ тўлайдиган томошабинларни жалб қилмаса, йирик жангларни қўлга киритиш қийин бўлади.
Аввалига Исроил Мадримовнинг рақиби Сергей Богачук (24−2) бўлиши керак эди. Богачукни Ортис 2024 йил август ойида мағлубиятга учратган. Улар 2024 йил 21 декабрь куни Александр Усик ва Тайсон Фьюри бош ролда қатнашган турнирнинг андеркард қисмида жанг қилиши керак эди. Аммо Мадримов ўткир бронхит сабабли жангдан воз кечган.
Вержил Ортис 26 ёшда. У профессионал сифатида 2016 йилда дебют қилган. У жаҳон чемпиони бўлган америкалик Морис Хукер, шунингдек, собиқ жаҳон чемпионлигига даъвогар бўлган литвалик Эгис Каваляускас ва украиналик Сергей Богачук устидан ғалабага эришган.