Марказий банкнинг 2024 йил тўртинчи чорагида ўтказган тадқиқотига кўра, ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси 50%га тушган, бу сўнгги 1.5 йилдаги энг паст кўрсаткичдир. Бунинг асосий сабаби газ ва электр таъминотидаги узилишлардир. Шунингдек, иқтисодий муҳит яхшиланишига бўлган умидлар 62%дан 56%га пасайган.
Тадбиркорлар банк хизматлари сифати яхшиланганини ва кредит олиш имкониятлари кенгайганини қайд этганлар. Бироқ, божхона тарифлари, солиқ маъмуриятчилиги, монополлалашув даражаси, йўл инфратузилмаси ҳамда газ ва электр таъминоти тизимида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган.
Ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларида сезиларли даражада пасайган бўлса, Андижон, Фарғона, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида нисбатан юқори бўлган. Қувватлардан тўлиқ фойдаланмасликнинг асосий сабаблари сифатида газ ва электр таъминотидаги узилишлар, ёқилғи нархларининг ошиши ҳамда солиқ тизимидаги муаммолар кўрсатилган.
Қўшимча ишчи кучига бўлган талабда ҳам озгина пасайиш кузатилган. Бироқ, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида бу борада фаоллик ошган. Айниқса, умумий овқатланиш, ишлаб чиқариш, қурилиш ва ҳунармандчилик соҳаларида ишчи кучига бўлган талаб ўсган.
Тадбиркорларнинг қарз юки даражаси сўнгги 1.5 йилда умумий олганда ошмаган, аммо Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида кредит ва қарз тўловлари ҳажми ўсган. Келгуси чоракда қурилиш, ишлаб чиқариш, умумий овқатланиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшимча ишчи кучига бўлган талаб ошиши кутилмоқда.
Ўрта муддатли истиқболда мамлакат иқтисодий ривожланиши ва бизнеснинг келажагига бўлган умидлар ижобий бўлиб қолмоқда. Гарчи сўнгги чоракларда иқтисодий вазият яхшиланишига умид қилувчи тадбиркорлар улуши озгина пасайган бўлса-да, ҳанузгача респондентларнинг деярли иккидан уч қисми оптимистик кайфиятда.