Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил 1 февралдаги қарори билан маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлади.
2025 йил 1 майдан бошлаб янги қоидалар бўйича сертификатланган маҳсулот ва хизматлар расман «Ҳалол» тамғаси билан белгилана бошлайди.
Ҳужжат маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш бўйича қоидаларни жорий этади, улар Ислом мамлакатларининг Стандартлаш ва метрология институти (SMIIC) томонидан қабул қилинган ва халқаро миқёсда тан олинган стандартларга мувофиқ амалга оширилади.
Ўзбекистон техник тартибга солиш агентлиги Дин ишлари қўмитаси билан ҳамкорликда олти ой мобайнида қуйидагиларни амалга ошириши керак:
- давлат муассасаси тизимидаги агентликка қарашли маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органини халқаро миқёсда тан олинган ташкилотларни жалб этган ҳолда аккредитация қилиш;
- сертификатлаштириш жараёнида иштирок этувчи мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда улар учун тренинг ва семинарлар ташкил этиш;
- «Ҳалол» белгисининг шакли ва ўлчамларини белгилайдиган стандарт лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
- тадбиркорлик субъектларига маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органларини яратишда ёрдам кўрсатиш.
Сертификат олишни хоҳлаган аризачи сертификатлаштириш органига электрон шаклда ариза топширади. Ариза уч иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
Баҳолаш маҳсулот ишлаб чиқариладиган ёки хизмат кўрсатиладиган жойда амалга оширилади. Экспертиза 15 кун давом этади.
Агар баҳолаш жараёнида аризачи томонидан ишлаб чиқарилаётган ёки ишлатилаётган маҳсулот таркиби бўйича шубҳалар туғилса, маҳсулот намуналари унинг иштирокида олинади ва аккредитация қилинган синов лабораториясида техник тартибга солиш соҳасидаги норматив талаблар ва «Ҳалол» талабларига мувофиқлигини текшириш учун синовдан ўтказилади.
Баҳолаш натижалари бўйича бир иш куни мобайнида баҳолаш ва синов натижалари кўрсатилган ҳисобот тузилади.
Сертификатлаштириш органи беш иш куни мобайнида баҳолаш ҳисоботи, унга илова қилинган ҳужжатлар, экспертиза хулосаси ва ариза билан бирга ҳужжатлар тўпламини шакллантиради. Шундан сўнг, мувофиқлик сертификатини бериш ёки уни рад этиш бўйича қарор қабул қилинади.
«Ҳалол» сертификати 3 йил муддатга берилади, сертификатланган маҳсулот «Ҳалол» белгиси билан маркировка қилинади.
Биринчи даврий баҳолаш сертификат реестрга киритилгандан кейин 12 ойдан кечиктирилмай ўтказилади. Кейинги баҳолашлар тасдиқланган жадвал бўйича ҳар йили ёки истеъмолчиларнинг асосланган ёзма аризалари бўйича режадан ташқари ўтказилади.
Сертификат қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
- сертификат эгасининг талаби ёки ташкилот фаолияти тугатилган тақдирда;
- даврий баҳолаш натижасида аниқланган камчиликлар 90 кун мобайнида бартараф этилмаса;
- «Ҳалол» талабларининг жиддий бузилиши аниқланса;
- сертификат қалбаки ҳужжатлар асосида олинган бўлса.