Тошкентда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Учтепа туманидаги маҳалла ривожи, аҳоли бандлигини таъминлаш ва қашшоқликни камайтириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчисини 30 минг АҚШ доллари олган пайтида қўлга олди. Бу ҳақида «ЎзА» хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, мазкур маблағ эвазига мансабдор шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога юқори лавозимдаги танишлари орқали танловда ғолиб чиқишни таъминлаб беришга ва 210 м.2 майдонда 4 та дўкон қуриш учун ер участкаси ҳужжатларини расмийлаштириб беришга ваъда берган.
Ушланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (йирик миқдорда фирибгарлик), 211-моддаси 3-қисми «а» банди (йирик миқдорда пора бериш) ва 28-моддаси (жиноятга шериклик турлари) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълум бўлишича, ушланган шахс бундан аввал ҳам 3 марта 167-модда (ўзлаштириш ёки исроф қилиш йўли билан талон-торож қилиш), 168-модда (фирибгарлик), 205-модда (ҳокимият ёки хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш) ва Жиноят кодексининг бошқа моддалари бўйича судланган.
Эслатиб ўтамиз, ҳоким ёрдамчиси лавозими 2022 йилда Ўзбекистондаги 9300 дан ортиқ маҳаллаларнинг ҳар бири учун жорий этилган.