Ўзбекистонда Канада, Бразилия ва бошқа Америка қитъасининг етакчи ҳамкор давлатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш режалаштирилган. Бу 2025 йилга мўлжалланган давлат дастурининг лойиҳасида жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган.
Хусусан, Ўзбекистоннинг Канадада Бош консулхонасини очиш бўйича таклифлар қабул қилинмоқда.
Канада аввал Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларни Москвадаги элчихона орқали амалга оширарди, 2024 йили бу жараён Остонага кўчирилди. Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги Канада элчиси Алан Хэмсон. Ўзбекистоннинг АҚШ, Бразилия ва Канададаги элчиси Фуркат Сидиқов.
Шунингдек, Канада, Бразилия ва Куба билан навбатдаги сиёсий консультацияларни ташкил этиш режалаштирилган.
Бошқа таклифлар орасида Бразилия, Канада, Аргентина ва бошқа етакчи давлатлардан Ўзбекистонга компанияларни жалб қилиш орқали биргаликдаги лойиҳаларни амалга ошириш ва турли иқтисодий тадбирларни ташкил қилиш ҳам бор.
Шунингдек, Куба билан саломатликни сақлаш ва фармацевтика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш муҳокама қилинмоқда.
Лойиҳа бўйича Лотин Америкасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ривожланган давлатлар билан тегишли вазирликлар ва давлат органлари билан ҳамкорлик ва тажриба алмашишни йўлга қўйиш таклиф қилинмоқда.
Давлат дастури лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда ва Лотин Америкасида ўтказиладиган турли тадбирларга ва фестивалларга маданий ва спорт соҳалари вакилларини жалб қилиш орқали икки томонлама алоқаларни ривожлантириш режалаштирилмоқда.
Юқорида санаб ўтилган режаларни 2025 йил давомида амалга ошириш кўзда тутилган.