Тошкент вилоятининг бир фуқароси Uzbekistan Airwaysнинг “Сочи–Тошкент” йўналиши бўйича парвози давомида стюардессага номақбул ҳаракатларни амалга оширган эркак 5 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақида Сергели тумани жиноят ишлари бўйича суди 7 январь куни қарор чиқарди.
Суд ҳужжатларига кўра, 39 ёшли Ж.Э. (аввал маъмурий жавобгарликка тортилган) 31 декабрь куни алкоголь таъсири остида бўлиб, парвоз давомида бир неча марта стюардесса баданинг ён қисмларига теккан.
Суд жараёни
Судда Ж.Э. ўз айбини рад этди ва алкоголь таъсирида бўлган пайтда, ерга тушиб кетган нарсани олиш учун эгилганида стюардессага тасодифан тегиб кетганини айтди. Суд жараёнида айбланувчи бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигига ваъда берди ва жазони енгиллаштиришни сўради.
Бошқа тарафдан, жабрланувчи стюардесса Ж.Э. бир неча марта қўли билан унинг ён қисмларига тегиб, унинг вазифаларини бажаришига халақит берганини маълум қилди. У эркакка огоҳлантириш берган, бироқ Ж.Э. ўз хатти-ҳаракатларини давом эттириб, у билан қўпол муомалада бўлган.
Суд қарори
Суд бу ишни Маъмурий жавобгарлик кодексининг 41-1 моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик қилиш) бўйича тўғри квалификация қилинган деб топди. Эркак мазкур модда бўйича айбдор деб топилди.
Судда Ж.Э.нинг қилмишидан афсуслангани енгиллаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олинди, аммо алкоголь таъсирида содир этилган ҳуқуқбузарлик оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланди. Суд эркакка 5 сутка маъмурий қамоқ жазосини белгилади. Ушбу модда бўйича максимал жазодир.
Шунингдек, жазо муддати давомида махсус қабулхонада сақланиш учун у ҳар куни базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 15% (56.250 сўм) миқдорида маблағ тўлаши керак бўлади.