Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) ва Футболчиларнинг мақоми ва ўтишлари бўйича қўмита қарорларини бажармаганлиги сабабли олти футбол клубига трансферларни амалга ошириш тақиқланди. Бу ҳақида Профессионал футбол лигаси матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу клублар ўз футболчилари ва мураббийлари олдидаги қарзларини белгиланган муддатда тўламаган. Шунингдек, улар ҳудудий футбол академиялари билан ҳамкорлик шартномаларини бузган.
Санкциялар қўлланган клублар
Аввалроқ ЎФА етти клубга камчиликларни бартараф этиш учун муддат белгилаган эди. Фақатгина “Қизилқум”клуби талабларга амал қилган. Қолган клублар:
- “Сўғдиёна”,
- “Навбаҳор”,
- “Нефтчи”,
- “Динамо”,
- “Бухоро”,
- “Орол”
ушбу камчиликларни бартараф этмаганликлари учун санкцияларга дучор бўлди.
Қўмитанинг қарори
Қабул қилинган қарорга мувофиқ, ушбу клублар икки тўлиқ трансфер ойнаси давомида миллий ва халқаро даражада янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказа олмайди.
2024 йил қишки трансфер ойнаси Ўзбекистонда 10 декабрда очилган бўлиб, 2025 йил 25 февралгача давом этади.