Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Авазбек Эргашев вафот этди

Андижон вилояти ҳоким ўринбосари Авазбек Эргашев вафот этди

Андижон вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ҳоким ўринбосари 58 ёшида вафот этди. Ушбу лавозимда 2023 йил 19 апрелдан ишлаб келган.

Авазбек Эргашев 1966 йилда Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида туғилган. У Андижон пахтачилик институтини (ҳозирги — Андижон қишлоқ хўжалиги институти) тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 1983 йилда Олтинкўл туманидаги «Оқтепа» қишлоқ хўжалик кооперативи аъзоси сифатида бошлаган. Кейинчалик энтомолог-агроном, бош агроном ва кооператив раисининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

1992 йилдан 2022 йилгача у Олтинкўл туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасининг уруғчилик бўлимида бош мутахассис, Андижон вилоятининг «Пахта уруғчилиги» уюшмаси раиси ва Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли «Ғўза уруғчилиги» республика маркази бошлиғи сифатида ишлаган.

Шунингдек, 15 йил давомида (2006−2020) Андижон вилоятининг Қўрғонтепа тумани ҳокими вазифасини бажарган. 2020−2022 йилларда Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида, 2022−2023 йилларда эса уруғчиликни ривожлантириш маркази директори ўринбосари сифатида фаолият юритган.