Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра, Эргаш Алибекович Солиев Жиззах вилояти ҳокими лавозимидан бошқа ишга ўтиш муносабати билан озод қилинди.
Янги фармонга биноан, ҳоким вазифасини бажарувчи этиб Улуғбек Мавлонович Мустафоев тайинланди. Мустафоев аввал «Ҳудудий электр тармоқлари» акционерлик жамиятининг бошқарув раиси лавозимида фаолият юритган.
Эргаш Салиев ҳақида маълумот
68 ёшли Эргаш Солиев 2017 йил кузида Жиззах вилояти ҳокими этиб тайинланган. Ундан аввал бир йил Арнасой тумани ҳокими, 12 йил давомида Пахтакор тумани ҳокими лавозимларида ишлаган, шунингдек, Бухоро вилояти ҳокими бўлиб ҳам хизмат қилган. Солиев 1978 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган, кейинчалик Беларус давлат университети аспирантурасида таҳсил олган. Бир ой муқаддам, парламент сайловларидан кейин, бошқа ҳокимлар қаторида у ҳам ўз лавозимига қайта тасдиқланган эди.
Улуғбек Мустафоев ҳақида маълумот
56 ёшли Улуғбек Мустафоев 1991 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган. У 2019 йил апрелида «Ҳудудий электр тармоқлари» раҳбари этиб тайинланган, унгача 2017 йилдан 2019 йилгача «Ўзбекэнерго» раҳбари сифатида ишлаган.
2022 йил декабрида президент Ачилбай Раматов ва энергетика соҳасидаги йирик корхоналар раҳбарларига, шу жумладан Улуғбек Мустафоевга қиш мавсумига тайёргарликнинг етарли даражада ташкил этилмагани учун танбеҳ берган эди. 2023 йил январда давлат раҳбари Мустафоев ва бошқа раҳбарларни лавозимларидан озод қилиб, уч ойлик синов муддатга вазифаларни бажаришга қўйган эди.
2023 йил ноябрида «ҲЭТ», «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот», «Ўзэнергоинспекция» ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари мамлакатнинг энергия тизими ихтиёрий об-ҳаво шароитларига ва ноодатий совуқларга тайёр эканлигини маълум қилган эдилар.