
2026 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистонда авто ва мототранспорт воситаларини жарима майдончаларидан олиб чиқишга рухсат бериш электрон шаклда «Жарима майдончаси» тизими орқали расмийлаштирилади ва QR-код билан тасдиқланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 2 июлдаги қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, тизимдаги бундай рухсатномани маъмурий ишни кўриб чиқувчи орган ёки мансабдор шахс, шунингдек, ижро органи тасдиқлайди.
Ички ишлар вазирлиги Солиқ қўмитаси ва Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда «Жарима майдончаси» тизимини «Электрон ҳукумат»нинг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиши лозим.
Солиқ тизимларида ушланган автомобилларни сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар тўғрисидаги маълумотлар автоматик равишда шаклланиши керак. Бунда уларнинг реквизитлари, жумладан номи, СТИР (ИНН), манзили ва бошқа маълумотлари назарда тутилади.
Шунингдек, тизимга жарима майдончаларига жойлаштирилган автомобиллар ҳақидаги маълумотлар: маркаси, давлат рақами, майдончага жойлаштирилган ва ундан олиб чиқилган вақти, ундирилган тўлов суммаси ва бошқа маълумотлар узатилади.
Қарорда жарима майдончалари «Жарима майдончаси» тизими орқали транспорт воситаларининг кириши ва чиқишини назорат қилиш ҳамда давлат рақамларини аниқлаш имконини берувчи камералар ва бошқа техникалар билан жиҳозланиши назарда тутилган.
Жарима майдончаси операторлари ушлаб турилган транспорт воситаларининг, кўрсатилган хизматлар миқдори ва тўлов суммаларининг ҳисобини «Жарима майдончаси» тизими орқали юритишлари шарт. Тизимга киритилган хизматлар бўйича айланмалар солиқ органларининг тизимларида автоматик равишда акс этади.
Бундай ҳисобни юритмаслик, шунингдек, ушлаб турилган транспортни ушлаб туриш сабаблари тўлиқ бартараф этилмасдан олиб чиқиб кетиш ёки ундан ноқонуний фойдаланиш қонунбузарлик ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар учун оператор билан тузилган шартномада базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари — 8,24 млн сўм (1 сентябрдан бошлаб — 8,8 млн сўм) миқдорида жарима назарда тутилиши керак.
Йил давомида такроран содир этилган қонунбузарлик Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва жарима майдончаси оператори ўртасидаги шартномани бекор қилиш учун асос бўлади.
Ушбу нормалар қарор расмий эълон қилинганидан кейин уч 3 ўтиб — 2026 йил 6 октябрдан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, машинани жарима майдончасидан олиб чиқиш бўйича аризани электрон шаклда юбориш имконияти яратилади. Ушбу бепул хизматни 1 июндан бошлаб MyGov порталида, ЙҲХХ иловасида ва давлат хизматлари марказларида ишга тушириш режалаштирилган эди.