Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 09/07/2026

Тошкентнинг Мустақиллик шоҳкўчасида нималар таъмирланмоқда?

Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Мустақиллик шоҳкўчасининг Мирзо Улуғбек ва Оққўрғон кўчалари оралиғидаги қисмида транспорт ҳаракати қарийб икки ҳафтага чекланди. Бу ҳақда Тошкент йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЭМ) ва туман ҳокимлиги маълум қилди.

Давлат органларининг хабарларида айтилишича, ишлар «йўл инфратузилмасини яхшилаш, транспорт оқимини тартибга солиш ва жамоат транспорти ҳаракати учун қулай шароитлар яратиш» мақсадида олиб борилмоқда.

«Газета» Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматидан Мустақиллик шоҳкўчасининг ушбу қисмида айнан нималар таъмирланишига аниқлик киритишни сўради. Пойтахт маъмуриятидан жавоб беришларича, асфальт қопламаси, ёритиш тизими, оқова сув лотоклари, йўл чизиқлари, бордюрлар ва йўл четидаги тўсиқларни янгилаш режалаштирилган. Шундек айтилишича, қатнов қисми марказидаги ажратувчи полосани янгилаб, унда «қисман кўкаламзорлаштириш» ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Кейинги босқичда пиёдалар йўлаги ҳудудини ободонлаштириш режалаштирилмоқда.

Эълон қилинган ҳаракатни ташкил этиш схемасига кўра, ишлар Мустақиллик шоҳкўчасининг Мирзо Улуғбек кўчасидан Оққўрғон кўчаси йўналишидаги 1,7 километрлик қисмида олиб борилади.

Йўлнинг шаҳар маркази йўналишидаги қатнов қисмида ҳаракат 2 июль тунидан 13 июль соат 6:00 гача ёпилган. Йўлнинг қарама-қарши томонида икки томонлама ҳаракат ташкил этилган.

«Водители ташкента — Drivers.uz» гуруҳида гувоҳлар Сайрам 7-тор кўчасидан Мустақиллик кўчасига чиқиш йўли бетон блок билан ёпиб қўйилганини маълум қилишди.

«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси ушбу қисмдан ўтувчи автобус йўналишларининг вақтинчалик ўзгариши ҳақида хабар берди.

17, 24 ва 60-сонли автобуслар ёпилган қисмни Мирзо Улуғбек, Паркент, Кичик ҳалқа йўли, Катта Дархон, Оққўрғон кўчалари орқали айланиб ўтиб, Мустақиллик шоҳкўчасига чиқади;

83 ва 199-сонли йўналишлар вақтинчалик фақат Мирзо Улуғбек кўчасидаги «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети» бекатигача ҳаракатланади.

«Оққўрғон» ва «Экскаватор заводи» бекатларига бормоқчи бўлган йўловчиларга 17, 24 ва 60-сонли автобуслардан фойдаланиш тавсия этилади.

«Тошшаҳартрансхизмат» шунингдек, юзага келиши мумкин бўлган тирбандликлар сабабли автобуслар кечикишлар билан ҳаракатланиши мумкинлиги, зарурат туғилганда ҳаракат чизмаларига тузатишлар киритилиши ҳақида огоҳлантирди.