
Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича Бекобод туман судида машинада одам уриб юбориб, унинг танасини сувга ташлаб юборган собиқ ички ишлар органлари ходимига нисбатан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда 2026 йил 12 июнь куни Zamon телеканали хабар берди.
Нима содир бўлган эди
2025 йил 11 декабрь куни Бўка — Бекобод автойўлида Бекобод тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор ходими Д. Н. Nexia 3 автомобилини бошқариб кетаётиб, 43 ёшли эркакни уриб юборган.
Kun.uz нашрининг ёзишича, ҳайдовчи маст ҳолатда бўлган. ЙТҲдан кейин у турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб, Matiz автомобилида келишни сўраган. Жабрланувчини Nexia’дан Matiz’га ўтказиб, ҳодиса жойидан олиб кетишган. Тергов талқинига кўра, уриб юборилган эркак ҳалокат жойидан тахминан 35−40 км узоқликда жойлашган Дўстлик каналига ташлаб юборилган.
Ҳалок бўлган шахснинг жасади ҳодисадан 80 кун ўтиб топилган.
Суд жараёни
1989 йилда туғилган Д. Н. судда пиёдани пайқаб қолиб, тормозни босганини, бироқ тўқнашувдан қочиб қутула олмаганини баён қилди.
ЙТҲдан сўнг у жабрланувчини машинага ўтказиб, шифохона томон йўл олган. Аммо йўлда фикрини ўзгартириб, жиноятни яширишга уринган.
Собиқ ходим суд тергови давомида жабрланувчининг ҳаёт нишоналарини кўрсатмаганини сезганини, шундан сўнг шок ва қўрқув ҳолатида уни каналга ташлаб юборганини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, воқеадан кейин у Бекобод тумани ИИБга ўз ихтиёри билан келиб, содир этган жинояти ҳақида хабар берган.
Судланувчи пушаймонлигини билдириб, жазони ўтаб бўлганидан кейин марҳумнинг яқинларига ёрдам бериш ниятида эканлигини айтди ва суддан енгиллик беришни сўради.
Ҳукм
Суд собиқ ходимни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, одам ўлимига сабаб бўлиш) ва 134-моддаси (мурдани таҳқирлаш) билан айбдор деб топди.
Унга 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.