Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 29/06/2026

Мактаб директори лавозимига ишга жойлаштириш учун 8500 доллар олаётган мансабдор шахс қўлга олинди. У муқаддам судланган

Наманган вилояти мактабгача таълим тизимида коррупция ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Ўзбекистон ДХХ. Тадбирлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи хизмат хонасида Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқародан 8500 доллар олаётган вақтида қўлга олинди. Хабар қилинишича, мансабдор шахс уни Наманган шаҳридаги мактаблардан бирига директор этиб тайинлатиш эвазига 10 минг доллар талаб қилган.

Гумонланувчи 2011 йилда Жиноят кодексининг бир нечта моддалари, жумладан, товламачилик, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги ва пора олиш моддалари билан судланган бўлган.

Бошқа бир ҳолатда эса Наманган шаҳридаги боғча ходимаси тадбиркорга пул эвазига таниш мансабдор шахслари орқали давлат-хусусий шериклик асосида иккита боғча очиш бўйича шартномалар тузилишини таъминлаб беришни ваъда қилган. У 2000 доллар олаётган вақтида ушланган.

Кейинчалик ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Наманган шаҳар Давлатобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими бош мутахассисини ҳам қўлга олишди, пуллар айнан унга топширилган эди.

Қўлга олинган уч нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.