
Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2026 йил 17 июндаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14% даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар берди регулятор матбуот хизмати.
2026 йил май ойида умумий инфляция йиллик ҳисобда 5,5% ни ташкил этди ва прогноз траекторияси доирасида шаклланди. Марказий банк сўнгги ойларда инфляциянинг сезиларли даражасида пасайиши асосан юқори базанинг — ўтган йилги энергия ресурслари тарифлари оширилишининг тўғридан-тўғри таъсири тугаши билан боғлиқлигини қайд этди.
Шу билан бирга, барқарор инфляция кўрсаткичлари умуман ўзгаришсиз қолмоқда. Базавий инфляция 5,7% ни ташкил этди. Хизмат кўрсатиш соҳасида инфляция секинлашгани фонида регулятор озиқ-овқат инфляцияси тезлашганини қайд этди.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари пасайишда давом этмоқда. Молиявий сектор экспертларининг узоқ муддатли кутилмалари ҳам яхшиланди, дейилади хабарда.
Марказий банк, шунингдек, иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари сақланиб қолаётганига эътибор қаратмоқда. Регулятор баҳосига кўра, чакана савдо, хизмат кўрсатиш, туризм ва инвестициялардаги ўсиш иқтисодиётда ялпи талабнинг барқарорлигидан далолат беради. Шу билан бирга, сўнгги ойларда бюджет харажатларининг фаоллашиши келгуси чоракларда иқтисодий фаоллик ва талабни рағбатлантиришда давом этади.
Жорий йилнинг июнь ойида энергия ресурслари тарифларининг оширилиши, Марказий банк кутишича, инфляцияга қисқа муддатли таъсир кўрсатади. Тўғридан-тўғри тариф таъсиридан ташқари, кейинги чоракларда иккиламчи омиллар — транспорт ва ишлаб чиқариш харажатларининг ўсиши орқали намоён бўлиши мумкин.
Марказий банк 2026 йил якуни бўйича инфляция прогнозини 6,5% атрофида ўзгаришсиз қолдирди. Иқтисодий ўсиш бўйича прогноз ҳам аввалгидек — 7–7,5% оралиғида сақланиб қолди.
Регулятор иқтисодиётдаги ижобий реал фоиз ставкалари (депозитлар бўйича номинал ставкалар минус инфляцион кутилмалар) аҳоли ва бизнеснинг жамғариш фаоллигини оширишга, кредитлашнинг мувозанатли ўсишига ва инфляцион босимни тийиб туришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Марказий банк баҳосига кўра, ташқи иқтисодий ноаниқлик юқорилигича қолмоқда. Жаҳон бозорида озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг ўзгарувчанлиги, шунингдек, логистика харажатларининг ошиши хавфи ташқи инфляцион босимнинг импорт орқали ички нархларга ўтиш эҳтимолини оширади.
Бундан ташқари, хорижий марказий банкларнинг қатъий пул-кредит сиёсати ташқи молиялаштириш қийматининг юқори бўлиш даврини узайтирмоқда.
«Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляцион кутилмаларни пасайтириш мақсадида қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ», дейилади хабарда.
Келгусида инфляцион кутилмаларнинг барқарор пасайиши, тарифлар ошишидан иккиламчи таъсирларнинг минималлаштирилиши ва базавий инфляциянинг ижобий динамикаси пул-кредит шароитларини босқичма-босқич юмшатишга ўтиш имконини бериши мумкинлиги қайд этилди.
Ўрта муддатли истиқболда Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни 5% лик мақсадли даражагача пасайтиришга қаратилади, бу эса регулятор баҳосига кўра, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлаб қолиш имконини беради.
Марказий банкнинг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 29 июлга белгиланган.