Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 30/05/2026

Ўзбекистонда резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш кенгайтирилади

Ўзбекистонда Қуролли Кучларнинг резервидаги ва захирадаги офицерларини тайёрлашни кенгайтириш режалаштирилмоқда, бу ҳақда 2026 йил 16 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида бўлиб ўтган йиғилишда сўз борди.

Дунёдаги ҳарбий можаролар таҳлили шуни кўрсатадики, «уруш даврининг сафарбарлик эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, тинчлик даврида тайёрланган офицерлар резервини шакллантириш ва уларни ҳарбий мутахассисликлар бўйича тўғри тақсимлаш энг долзарб вазифалардан бири», деб таъкидланди тадбирда.

Ҳозирги вақтда 42 та мутахассислик бўйича резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш 4 та фуқаролик ва 2 та олий ҳарбий таълим муассасасининг ҳарбий таълим марказлари ҳамда факультетларида олиб борилмоқда. Яна 5 та ҳарбий таълим марказини — Урганч, Термиз ва Андижон давлат университетларида, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида, шунингдек, Андижон давлат тиббиёт институтида ташкил этиш таклиф қилинди.

Давлат олий таълим муассасаларида «Чақириққача ҳарбий таълим» йўналиши бўйича 3 йиллик бакалавриат асосида резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш тизими жорий этилади.

Ҳарбий-тиббиёт институтида илк бор клиник ординатура ва магистратуранинг ҳарбий тайёргарликдан ўтишни хоҳловчи талабалари учун тўлов-контракт асосида ўқитиш ташкил этилади. Шундай имкониятларни нодавлат олий таълим муассасалари талабаларига ҳам тақдим этиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, бугунги кунда айниқса талаб юқори бўлган сунъий интеллект, дронлар ва робототехника каби замонавий ҳамда тор ихтисослашган йўналишлар бўйича захирадаги офицерларни тайёрлаш йўлга қўйилади. Ҳарбий тайёргарлик бўлинмалари учун илғор хорижий армиялар тажрибаси асосида янги ўқув режалари ва дастурлари ишлаб чиқилади, дейилади хабарда.

Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари алоҳида кўриб чиқилди. Мудофаа вазирлиги офицерларига хизмат муддати учун бериладиган ойлик устамани 2 бараварга ошириш, шунингдек, оддий аскар ва сержант-контрактчиларнинг пул таъминотини 10 фоизга ошириш таклиф этилди. Ушбу суммаларни 1 апрелдан бошлаб ошириш режалаштирилган эди.

Президент ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг амалга оширилиши ҳарбий хизмат нуфузини оширишини ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришини таъкидлади.