
Машҳур хонанда, «Ялла» ансамбли раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан уюштирилган тадбир 2026 йил 15 апрель куни президентнинг «Кўксарой» қароргоҳида бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Президент Шавкат Мирзиёев миллий ўзбек эстрадаси асосчиларидан бири — Фаррух Зокировни юбилей билан табриклади. У Карим Зокиров асос солган ижодий сулола ўн йиллар давомида миллий мусиқа ва вокал санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келаётганини таъкидлади. Давлат раҳбари бутун бир оила, бир авлод ўз ҳаётини санъат ва маданият ривожига бағишлаши жуда кам учрайдиган ҳолат эканлигини алоҳида қайд этди.
Фаррух Зокировни Ўзбекистон сарҳадларидан ташқарида ҳам жуда яхши кўришади. У Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти фахрий унвонлари билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, шунингдек, Татарстон, Бошқирдистон ва Ингушетия халқ артисти унвонларига ҳам сазовор бўлган.
«Ялла» ансамбли 1970 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда мамлакатимиздаги байрамлар ва муҳим тадбирларни унинг қўшиқларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Гуруҳ ўз фаолиятининг 55 йили давомида 400 дан ортиқ қўшиқ ижро этган. «Мусиқий чойхона», «Учқудуқ», «Шаҳрисабз» ва бошқа композициялар хорижда ҳам кенг танилган.
Фаррух Зокиров ижодини тарғиб қилиш
Президент тадбирда хонандани «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотлади. Шу куннинг ўзида у Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ва ёш авлодга муносиб етказиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, пойтахтнинг Яшнобод туманидаги 7-сонли мусиқа ва санъат мактабига Фаррух Зокиров номи берилади.
Мактабда болаларнинг «Ялла» ансамбли, ёшлар учун ижодий лаборатория, шунингдек, замонавий овоз ва видео ёзиш студиялари ташкил этилади. Эстрада йўналиши бўйича ижрочилик маҳорати синфлари очилади, устоз-мураббийларга эса иш ҳақига устамалар белгиланади.
Аълочилар учун тегишли санъат ва маданият муассасаларига ўқишга кириш имкониятлари яратилади. Ҳар йили республиканинг барча ҳудудларидан келган истеъдодли ўқувчилар ушбу мактабда ўз маҳоратларини оширишлари мумкин бўлади. Иқтидорли ўқувчилар устозлари билан биргаликда нуфузли халқаро танловларга юборилади ва бюджет маблағлари ҳисобидан рағбатлантирилади.