
Ўзбекистонда 2026 йилда 140 мингта хонадонни фойдаланишга топшириш ва уй-жойларни реновация қилиш бўйича ишларни кучайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 2026 йил 14 апрель куни уй-жой қурилиши ва урбанизация масалаларига бағишланган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, аҳолини уй-жой билан таъминлаш бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, Урбанизацияни барқарор ривожлантириш бўйича миллий қўмита раиси Шерзод Қудбиев ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятовнинг доимий эътиборида бўлиши шарт.
Сўнгги йилларда 56 та «Янги Ўзбекистон» массивларининг инфратузилмасини ривожлантиришга 4,1 триллион сўм йўналтирилган эди. Жорий йилда ушбу мақсадлар учун яна 1,4 триллион сўм ажратилмоқда.
Кенг кўламли молиялаштиришга қарамай, давлат раҳбари ҳудудларда жиддий қолоқлик борлигини кўрсатиб ўтди. 2025 йилда қуйидаги ҳажмдаги хонадонлар фойдаланишга топширилмаган:
- Тошкент вилоятида — 2100 та;
- Самарқандда — 1500 та;
- Фарғонада — 1300 та;
- Тошкент шаҳрида — 1000 та;
- Жиззах вилоятида — 380 та.
2026 йил бош вазир ўринбосарлари Очилбой Раматов, Жамшид Қўчқоров, Урбанизация бўйича миллий қўмита раҳбари Шерзод Қудбиев ва ҳокимлар «Янги Ўзбекистон» массивларида 34 мингта хонадон қурилишини якунлашлари шарт.
Бунда янги қоида белгиланди: қурилаётган массивни кенгайтиришга фақат ушбу ҳудуддаги хонадонларнинг камида 85 фоизи эгаларига топширилганидан кейингина рухсат берилади.
Президент бутун мамлакат бўйича кўп квартирали уйларни ишга тушириш муддатларини белгилаб, ҳисоботлар фақат амалда ҳужжатлаштирилган объектлар бўйича қабул қилинишини таъкидлади.
«Раматов, Ҳидоятов ва ҳокимлар бу йил ҳудудларда 140 минг хонадонли кўп қаватли уйларни фойдаланишга топшириши керак. 1 июлгача — 20 минг, 1 октябргача — 50 минг, йил якунигача — яна 70 минг. Йил якунида ушбу раҳбарлардан фақат кадастрдан ўтган уйлар бўйича сўров бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Кенгайиш ўрнига реновация
Давлат раҳбари шаҳарларнинг ўсиши ва уй-жойларни реновация орқали янгилаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
«Реновацияга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Нима учун бундай деяпман? Агар шаҳар ва посёлкалар кенгликка қараб кенгайса, инфратузилма харажатлари 4−5 бараварга ортади, мактаб, боғча ва поликлиникаларгача бўлган масофа узаяди, минглаб гектар қишлоқ хўжалиги ерлари қисқаради», — деб таъкидлади президент.
Мисол тариқасида Самарқанднинг темир йўл ортидаги ҳудудлари, шунингдек, Каттақўрғон, Оқтош, Иштихон, Булунғур, Жума ва Жомбойда ҳанузгача барак типидаги уйлар кенг тарқалгани келтирилди.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоевга жорий йилда шаҳар марказидаги эскирган уй-жойлар ўрнида 2500 хонадонли уйлар қуриш топширилди.
Умуман олганда, мамлакат бўйича реновация зоналарида бир йил ичида камида 30 мингта хонадон фойдаланишга топширилиши зарур.
2026 йил 7 апрель куни бўлиб ўтган мажлисда сенаторлар уй-жой фондини янгилаш қоидаларини белгиловчи «Шаҳарсолик реновацияси тўғрисида»ги қонунни маъқулладилар. Ҳужжатда реновация лойиҳаларини аҳолининг 80 фоизи нотариал розилиги билан кўриб чиқиш, бузишни эса барча мулкдорлар билан компенсация масалалари тўлиқ ҳал этилганидан кейин амалга ошириш кўзда тутилган.
Аҳоли ва бизнес ўртасидаги низоларни истисно қилиш учун реновациянинг биринчи босқичида давлат инвестиция компаниялари иштирок этади. Улар рози бўлганлар улушини 80 фоизга етказишлари, қолганлар билан баҳсли масалаларни ҳал қилишлари ва шундан кейингина тайёр участкаларни аукционга чиқаришлари керак.
«Ушбу 80 фоизга эришилгандан сўнг, инвестиция компанияси кейинги ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади. Қолган 20 фоизга у шундай дейди: „Мен мулкдорларнинг 80 фоизи билан келишиб олдим, бир квадрат метр учун ўртача нарх мана шундай шаклланди. Менда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бор. Келинг, келишиб олайлик“. Бу ерда 80 фоиз мулкдорларнинг ҳам ҳуқуқлари бор. Ҳа, мулк ҳуқуқи тушунчаси мавжуд, аммо бир киши туфайли бошқа ҳамма азоб чекиши керак эмас», — деди Урбанизация бўйича миллий қўмита раҳбари Шерзод Қудбиев.