
2025 йилда Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ 177 та ҳолат қайд этилган бўлиб, улардан 92 таси сексуал эксплуатация билан боғлиқ. Бу ҳақда 2026 йил 11 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ Тезкор-қидирув департаменти бош мутахассиси Одилбек Ўринов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, одам савдосининг 3 та шакли — сексуал ва меҳнат эксплуатацияси, шунингдек, чақалоқлар савдоси долзарблигича қолмоқда.
«Аҳоли ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ишлари ва фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошиши натижасида мамлакатимизда чақалоқлар савдоси ва мажбурий меҳнат билан боғлиқ масалалар сезиларли даражада тартибга солинди. Бироқ, сексуал эксплуатация билан боғлиқ жиноятлар ҳанузгача одам савдосининг асосий қисмини ташкил этмоқда», — деб қайд этди.
Ички алоқа органлари ходимлари томонидан сексуал эксплуатация қурбони бўлиши мумкин бўлган 72 нафар аёлнинг мамлакатдан чиқиб кетиши олди олинди.
Одилбек Ўринов, шунингдек, 2026 йилнинг январь-март ойларида одам савдоси билан боғлиқ 57 та ҳолат аниқланганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, «осон ва тез даромад топиш тарғиботи ёш қизларнинг сохта ғояларга ишонишига, алдов қурбонига айланишига ва осон пул илинжида хорижга чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда».
Эслатиб ўтамиз, 2025 йили Ўзбекистонда одам савдоси учун жавобгарлик чоралари кучайтирилган эди. Хусусан, жиноятни сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда содир этиш эндиликда 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (илгари 5 йилдан 8 йилгача эди). Агар жиноят жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.