
2026 йил январь-март ойларида Ўзбекистон ички ишлар органларининг 36 нафар ходими жиноят содир этди, хизмат интизомини қўпол равишда бузган 32 нафар ходим тизимдан бўшатилди. Бу ҳақда 2026 йил 11 апрель куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов маълум қилди.
Вазир ўринбосари ўз нутқида хизмат бурчини виждонан бажараётган ходимлар билан бир қаторда, тизимни обрўсизлантираётганлар ҳам борлигини тан олди.
«ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси (ШХББ) томонидан аниқланаётган ҳар бир шундай ҳолат бўйича маълумотлар расмий саҳифаларимиз орқали жамоатчиликка очиқ ва шаффоф тарзда етказилмоқда. Уч ой ичида ходимлар томонидан содир этилган ва қайд этилган жиноятларнинг 75 фоизи бизнинг ташаббусимиз билан аниқланган бўлиб, айбдорлар ички ишлар органларидан бўшатилган. Тўпланган материаллар қонуний чоралар кўриш учун прокуратура органларига юборилди», — деди ИИВ раҳбари ўринбосари.
Унинг маълумотларига кўра, 60 та ҳолатда ходимлар фуқаролар томонидан таклиф қилинган порани олишдан бош тортган ва қонуний чоралар кўриш учун ШХББга мурожаат қилган. «Бундай ходимлар рағбатлантирилмоқда», — дея қўшимча қилди Рамазон Ашрапов.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, биринчи чоракда 10 нафар ходим хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган, яна 39 нафари яраланган.
Рамазон Ашрапов 2026 йил март ойида президент томонидан BMW автомашинасини бошқарган ўсмир уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлган ЙПХ инспектори медаль билан мукофотланганини эслатиб ўтди. Ходимнинг оиласига уч хонали уй калити топширилган эди.
«Ходимларимизнинг фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш борасидаги хизмат фаолияти ҳамда меҳнати президент томонидан доимий равишда юқори баҳоланиб келмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида ички ишлар органларининг 11 нафар ходими давлат мукофотлари билан тақдирланди. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлигининг идоравий буйруқлари билан 25 мингдан ортиқ ходим рағбатлантирилди», — деб қайд этди Ашрапов.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда ички ишлар органлари тизимида фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган 86 нафар раҳбар аниқланган эди. Ушбу миқдордан 57 нафари интизомий жавобгарликка тортилган, 29 нафари эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.