Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 24/05/2026

Ўзбекистонда уй-жой ижараси 2025 йилда 8,3 фоизга ошди, Тошкентда эса ер арзонлашди — МБ

Ўзбекистонда 2025 йил якунларига кўра уй-жой ижараси нархларининг ўсиши мўътадил даражада сақланиб қолди, Тошкентдаги ер участкалари сегментида эса пасайиш қайд этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки шарҳида сўз боради.

Регулятор маълумотларига кўра, Республика бўйича ижара ставкалари доллар эквивалентида 8,3 фоизга ошган (2024 йилда 2,4 фоизлик ўсиш қайд этилган эди). Шу билан бирга, йил давомида динамика барқарор бўлиб қолди ва йил охирига келиб аста-секин кучайди.

Марказий банк графигига мувофиқ, Тошкентда 2025 йил бошидаги салбий динамикадан сўнг (январда -14 фоизгача), ижара бозори 2025 йилнинг ўрталаридан бошлаб ўсишга ўтди ва йилни ижобий ҳудудда — тахминан 6-7 фоиз билан якунлади. Умуман мамлакат бўйича ўсиш бир текисда кечди ва декабрь ойига келиб тахминан 8-9 фоизга етди.

«Тошкент шаҳрида ижара нархларининг ижобий динамикаси жорий йилнинг III чорагидан бошлаб сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, сўм ҳисобида нархлар ўтган йилга нисбатан деярли ўзгармади, бу эса ижара бозоридаги таклиф даражаси умуман олганда талабни қондираётганидан далолат беради», — деб қайд этади МБ.

2024 йилда пойтахтда ижара тўловлари 8,2 фоизга пасайган эди.

Тошкентда ер арзонлашди

Пойтахтдаги ер участкалари сегментида эса тескари динамика кузатилмоқда. Декабрь ойи якунларига кўра, 1 сотих (100 кв. м) ернинг қиймати 319 млн сўмни ташкил этди — бу 2024 йилги даражадан (352 млн сўм) 9,4 фоизга паст.

График маълумотларидан келиб чиқишича, Тошкентда ер нархлари 2024 йилнинг биринчи чорагида энг юқори кўрсаткичларга (бир сотих учун 364 млн сўмгача) етган, шундан сўнг 2025 йилда пасайиш бошланган. Энг паст кўрсаткичлар (2025 йил август ойида) 290 млн сўмдан пастга тушди, шундан сўнг йил охирига келиб нархлар қисман 319 млн сўмгача тикланди.

Марказий банк ушбу пасайишни таклиф таркибининг ўзгариши, яъни шаҳар чеккасидаги участкалар улушининг 22 фоизга ортиши ва марказий туманлардаги таклифнинг 13 фоизга қисқариши билан изоҳлайди.