Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жаҳон 24/05/2026

Жанубий Кореяда барча учун бепул базавий мобиль интернет жорий этилади

Жанубий Корея Фан ва ИКТ вазирлиги барча учун умумий бепул базавий мобиль интернет хизмати жорий этилишини эълон қилди, деб хабар беради Yonhap. Ушбу қарорни мамлакатнинг учта йирик алоқа оператори — SK Telecom, KT ва LG Uplus қўллаб-қувватлади.

2026 йил июнь ойидан бошлаб кучга кирадиган янгиликка кўра, операторлар барча абонентларга ойлик лимит тугаганидан кейин ҳам 400 кбит/с тезликда мобиль интернетдан фойдаланиш имкониятини тақдим этади. Ушбу тезлик хабарлар юбориш ёки хариталардан фойдаланиш учун етарли бўлиши керак.

«Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар даврида мобиль алоқа ҳаётий заруратга айланди. Кундалик мулоқотни ва барча учун асосий маълумотлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш мақсадида мулоқот учун маълумотлар олиш ҳуқуқини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга», — дейилади вазирлик баёнотида.

Ҳукуматнинг ҳисоб-китобларига кўра, ушбу чора лимитсиз тариф режаларига эга бўлмаган 7 миллиондан ортиқ абонентга фойда келтиради ва уларга йилига 322 миллиард вонгача (тахминан 218 миллион доллар) маблағни тежашга ёрдам беради.

Ҳукумат, шунингдек, мобиль алоқа операторларидан 65 ёш ва ундан катта бўлган фуқаролар учун трафик ҳамда қўнғироқлар лимитини оширишни талаб қилмоқчи.