Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Экополиция Олмалиқ кон-металлургия комбинатидаги текширувда 48 млрд сўмлик қоидабузарликларни аниқлади

Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) Олмалиқ кон-металлургия комбинати зиммасига экологик қоидабузарликлар учун 48 млрд сўм миқдорида компенсация тўловларини амалга ошириш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Экополиция бошқармаси бошлиғи Хуршид Примовнинг маълум қилишича, текширув давомида ОКМКнинг атмосферага чиқарилаётган ташланмалари, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, утилизация қилиниши ва зарарсизлантирилиши жараёнлари, шунингдек, оқова сувларни оқизишда атроф-муҳитга кўрсатаётган таъсири ўрганилган.

«Экологик талабларнинг бузилиши бир неча йиллар давомида давом этиб келган. Хусусан, эритиш цехида атмосферага чиқариладиган ташланмалар тозалаш иншоотларига йўналтирилмасдан, катта ҳажмда тўғридан-тўғри ҳавога чиқариб юборилган. Йил давомида шу тариқа 100 минг тоннага яқин ифлослантирувчи моддалар чиқарилган», — деб таъкидлади Хуршид Примов.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндилар, жумладан хавфли тоифага кирувчилари ҳам очиқ майдонларда ноқонуний равишда тўплаб келинган. Уларни бундай тарзда сақлаш тупроқ ва ер ости сувларига салбий таъсир кўрсатмоқда, дея таъкидлади бошқарма бошлиғи.

Рейд давомида, шунингдек, корхонанинг тозалаш иншоотлари самарасиз ишлаётгани аниқланди. Ускуналарнинг эскиргани сабабли оқова сувлар амалда чиқиндига айланиб, Ангрен дарёсига оқизиб юборилмоқда.

Корхонага 20 та банддан иборат бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди. Қўмита уларнинг ижроси назоратга олинганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Экополиция 2025 йилнинг ноябрь ойида президент фармони билан ташкил этилган эди. 2025 йилнинг кузида ҳаво сифати билан боғлиқ вазият фонида Миллий экология қўмитаси саноат корхоналаридан зарарли моддалар ташланишини 2 бараварга камайтиришни, қурилиш ташкилотларидан эса ҳавони муҳофаза қилиш талабларига риоя этишни талаб қилган эди.

Талабларни бажармаган компаниялар учун атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун компенсация тўловларини 5 баравар ошириш кўзда тутилган эди.