
2026 йил 8 апрель куни Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги «Айритом» чегара божхона постида юк автомобилида қўшдеворли афғон қозонлари ичига яширилган 190,8 кг гашиш моддаси аниқланди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, руль бошқарувида Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи, кузатувда бўлган 36 ёшли фуқаро бўлган.
Автомобилда умумий вазни 4,1 тоннани ташкил этувчи, қутиларга қадоқланган 750 та қозон бўлган. Улар ишлаб чиқарувчи завод томонидан Марказий Осиё Республикаларидан биридаги компания манзилига юборилган.
Божхона қўмитаси қозонлар Қозоғистонга олиб кетилаётганига аниқлик киритди.
Юк кўрик мажмуаси орқали сканердан ўтказилаётганда шубҳа уйғотганидан сўнг, қутилар «Термиз» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости омборида қайта текширилди.
210 та қозоннинг деворлари орасида номаълум модда борлиги аниқланди. Чегарачилар ва божхоначилар уларни арралаб, ичидан гашиш моддасини топишди.
Дастлабки баҳолашларга кўра, ушбу гиёҳвандлик моддасининг қора бозордаги нархи 5 млн доллардан ошади.
Йил бошидан буён божхонада 240 дан ортиқ ҳолатда 780 кг га яқин гиёҳвандлик воситаларининг олиб ўтилишига чек қўйилган.