Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 14/05/2026

Электр самокатлар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилмайди — ЙҲХХ

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошев ижтимоий тармоқларда электр самокатларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши ҳақида тарқалаётган хабарларга муносабат билдирди.

Бундай тахминлар «А1» тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномалари билан боғлиқ меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилганидан кейин пайдо бўлди. Тегишли тузатишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 мартдаги йўл ҳаракати соҳасини тартибга солувчи қарорига киритилган эди.

Янгиланган қоидаларга кўра, «А1» тоифаси эндиликда тезлиги соатига 25 километргача, двигатель ҳажми 25 куб сантиметргача бўлган мопед, скутер ва кичик ҳажмли мототранспорт воситаларини ёки қуввати 0,25 кВт гача бўлган электр двигателли воситаларни бошқариш учун талаб этилади.

Шу билан бирга, ЙҲХХ вакили таъкидлаганидек, ушбу талаб индивидуал ҳаракатланиш воситаларига (ИҲВ) тааллуқли эмас. Йўл ҳаракати қоидаларида улар двигатель ёрдамида одамнинг индивидуал ҳаракатланиши учун мўлжалланган, бир ёки бир нечта ғилдиракли транспорт воситалари сифатида белгиланган.

Шундай қилиб, электр самокатлар, электр скейтбордлар, сигвейлар, уницикллар, моноғилдираклар ва шунга ўхшаш қурилмаларни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилмайди.

ЙҲХХ бундай воситалардан фойдаланишда амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш — вело йўлакларидан, улар бўлмаган тақдирда эса қатнов қисмининг четки ўнг томонидан ҳаракатланиш зарурлигини эслатиб ўтди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан, шунингдек, авто ва мототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаларининг (техпаспорт) амал қилиш муддати 5 йил қилиб белгиланди. Йўлдошевнинг аниқлик киритишича, ушбу талаб фақат 2026 йил 1 апрелдан кейин расмийлаштирилган ҳужжатларга нисбатан қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан мопед ва скутерларни бошқариш учун «А1» кичик тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилган. Бунинг учун авто мактабда ўқиш мажбурий эмас. «А», «B», «C» ва «D» тоифадаги гувоҳномага эга бўлган шахсларга мопед ва скутерларни бошқаришга рухсат берилади.