Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 13/05/2026

Ўзбекистонда банк иловалари учун янги қоидалар жорий этилмоқда. 22 апрелдан нималар ўзгарди

2026 йил 22 апрелдан Ўзбекистонда Марказий банкнинг масофавий молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот ва киберхавфсизликка қўйиладиган минимал талабларни белгиловчи янги низоми кучга кирди.

Ҳужжат банкларнинг мобил иловалари, тўлов сервислари ва тўлов тизимлари операторларидан фойдаланишда онлайн-фирибгарликнинг (фрод) олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ва талабларни жорий этади.

Биометрия мажбурий бўлади

Асосий янгиликлардан бири биометриядан мажбурий фойдаланиш ҳисобланади.

Критик операцияларни бажариш — янги қурилмадан кириш, картани боғлаш ёки паролни ўзгартириш учун қўшимча идентификация, жумладан селфи (шахснинг «жонли иштирокини» аниқлаш учун, фотосурат орқали идентификация қилишга йўл қўйилмайди) талаб қилинади. Фақатгина SMS-коднинг ўзи етарли бўлмайди.

Иловада рўйхатдан ўтиш ва банк картасини боғлаш энди турли биометрик аутентификацияга эга алоҳида босқичлар бўлади.

Рақам ва ПИНФЛ мувофиқлигини текшириш

Иловалар телефон рақами карта эгасининг номига расмийлаштирилганини текшириши шарт. Агар рақам бошқа шахсга рўйхатга олинган бўлса ёки фойдаланувчининг ПИНФЛ маълумотларига мос келмаса, тизим янги қурилмадан фойдаланилганда операцияларни, жумладан иловага кириш ва онлайн тўловларни чеклайди.

Бунда банк карталарининг ўзи блокланмайди: улардан аввалгидек банкомат ва терминалларда фойдаланиш мумкин.

Марказий банкдан аниқлик киритилишича, бу талаб бирданига ҳаммага тааллуқли бўлмайди — амалдаги фойдаланувчилар иловалардан одатдагидек фойдаланишда давом этишлари мумкин. Чекловлар янги ҳаракатлар: рўйхатдан ўтиш, иловани қайта ўрнатиш ёки картани боғлашда қўлланилади.

Шунингдек, регулятор маълумотларига кўра, телефон рақами яқин қариндошлар — ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин ёки фарзандлар номига расмийлаштирилган ҳолларда иловадан фойдаланишга йўл қўйилади. Агар телефон рақами ёки банк картаси фойдаланувчи билан боғлиқ бўлмаган бегона шахс номига рўйхатга олинган бўлса, чекловлар юзага келиши мумкин.

Марказий банк янги қоидалар асосан 22 апрелдан кейин рўйхатдан ўтадиган мижозларга тааллуқли эканини таъкидлади. Амалдаги фойдаланувчилар учун иш тартиби ўзгаришсиз қолади.

Бундан ташқари, низомга кўра, мобил илова фойдаланувчилари аккаунтга фақат ўзларининг (шунингдек, яқин қариндошларининг) банк ҳисобварақлари, карталари ва электрон ҳамёнларини боғлашлари ҳамда улар орқали P2P-ўтказмаларини амалга оширишлари мумкин.

Бу ҳолатда яқин қариндошларга ота-оналар, ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзандлар (шу жумладан асраб олинганлар), бобо-бувилар, набиралар, шунингдек, эр ёки хотиннинг қариндошлари киради.

Рақамни қайта расмийлаштириш

Фойдаланувчилар телефон рақамларини мобил операторлар офислари орқали ўз номларига қайта расмийлаштиришлари мумкин.

Бунинг учун рақамнинг амалдаги эгаси ва у расмийлаштириладиган шахснинг шахсан иштироки талаб этилади. Хизмат пуллик бўлиб, унинг қиймати операторга қараб ўртача 25 минг сўм атрофида. «Чиройли» рақамлар учун қўшимча равишда улар қийматининг 5-25 фоизи миқдорида комиссия ундирилиши мумкин. Айрим ҳолларда (масалан, яқин қариндошлар — ота-она, эр-хотин, фарзандлар, ака-ука ва опа-сингиллар ўртасида қайта расмийлаштирилганда) бундай комиссия қўлланилмайди.

Шуни ҳисобга олиш керакки, қатор ҳолларда операторлар рақамни қайта расмийлаштириш бўйича аризаларни 10 календарь кунигача кўриб чиқадилар. Бу шуни англатадики, ариза олдиндан берилган тақдирда ҳам жараён 22 апрелдан кейин якунланиши мумкин.

Муқобил вариант — ўз номига расмийлаштирилган янги SIM-карта сотиб олиш ва унга SMS-хабарнома хизматини боғлаш.

Янги қурилмадан кириш ва сессиялар назорати

Янги қурилмадан кирилганда иловалар боғланган карталарни бекор қилиши ва локал маълумотларни (тарихни) тозалаши керак. Фойдаланувчи қурилма параметрлари кўрсатилган хабарнома олади.

Ҳар бир иловада аккаунтга қайси қурилмалардан, IP-манзиллардан ва қачон кирилгани кўриниб турадиган бўлим пайдо бўлиши керак. Фойдаланувчи фаол сессияларни кузатиши ва уларни қўлда якунлаши мумкин бўлади.

Қўнғироқ пайтидаги чекловлар ва масофавий киришдан ҳимоя

Агар телефонда аудио ёки видеоқўнғироқ (жумладан, Telegram, WhatsApp ва бошқа мессенжерлар орқали) кетаётган бўлса, банкларнинг мобил иловалари ишламайди. Бу фирибгарлар ижтимоий инженерия ёрдамида қурбонни телефон орқали алдаётган схемаларга қарши курашиш учун қилинган.

Шунингдек, масофавий кириш дастурларини (масалан, AnyDesk ёки TeamViewer орқали) аниқлаш кўзда тутилган — улар аниқланган тақдирда операциялар блокланади.

SMS ва OTP-кодлар учун янги қоидалар

Бир марталик кодлар камида олтита белгидан иборат бўлиши ҳамда ҳарф ва рақамларни ўз ичига олиши керак. Уларнинг амал қилиш муддати 59 сониядан ошмайди.

Уч марта нотўғри уринишдан сўнг киритиш камида 15 дақиқага блокланади, уч дақиқадан ортиқ ҳаракатсизлик кузатилса, фойдаланувчи тизимдан автоматик равишда чиқариб юборилади.

Кредит ёки ўтказмани тасдиқлаш учун OTP-код фақат у юборилган қурилмада ишлайди. Уни тутиб олиш ва бошқа смартфонда ишлатишнинг имкони бўлмайди.

Картадан картага ўтказмалар (P2P) энди фақат мобил иловалар орқали амалга оширилишига рухсат берилади. Бундай операцияларни веб-сайтлар орқали ўтказиш тақиқланади.

Мобил иловада банк картаси эгасининг исми тўлиқ, фамилияси эса фақат биринчи ҳарфи кўрсатилган ҳолда акс этиши керак. Пул ўтказмаларида телефон рақамига боғланган карта эгаларининг маълумотлари қисман яширилган ҳолда кўрсатилиши лозим.

Бундан ташқари, мобил иловалар ёки веб-ресурслар орқали банк картаси бўйича SMS-хабарнома хизматини ёқиш, ўчириш ёки ўзгартириш тақиқланади. Ушбу ҳаракатларнинг барчасини фақат банк бўлими, банкомат ёки терминал (агар кўзда тутилган бўлса) орқали амалга ошириш мумкин бўлади.

Онлайн-кредитлар учун янги қоидалар

Онлайн-кредитларни расмийлаштиришда қўшимча ҳимоя жорий этилади. Банклар кредит олишга қўйилган ўз-ўзини тақиқлаш мавжудлигини текшириши, шунингдек, бир нечта ташкилотга ариза берилганини ҳисобга олиши шарт.

Кредит бюролари бир вақтнинг ўзида битта ПИНФЛ бўйича фақат битта сўровга жавоб беради. Агар бир ташкилот кредит берган бўлса, бошқалари кейинги 24 соат давомида ушбу фойдаланувчининг маълумотларини ололмайдилар. Бу бир кунда турли банклардан 5-6 та кредит расмийлаштиришнинг олдини олади.

Пул ўтказилишидан олдин банк фойдаланувчига кредитнинг тўлиқ қиймати ва қарзнинг умумий миқдори кўрсатилган PUSH ва SMS юбориши шарт. Фойдаланувчида аризани бекор қилиш имконияти бўлади.

Ҳатто кредит маъқулланган тақдирда ҳам, пулнинг картага якуний ўтказилиши фақат такрорий биометрик идентификациядан сўнг амалга оширилади.

Агар фирибгарлик содир бўлган бўлса

Иловаларда банкка тезкорлик билан шикоят юбориш учун махсус қайта алоқа шакли («Фирибгарлик ҳақида хабар бериш» тугмаси) пайдо бўлади.

Банклар қўллаб-қувватлаш хизмати рақамини (24/7) банк карталарининг орқа томонида ўқишга қулай кўринишда жойлаштиришлари шарт.

Ҳужжатда фирибгарлик содир этилгандаги ҳаракатлар механизми белгиланган:

  • Қурбон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилади.
  • Терговчи ёки суд шахсни жабрланувчи деб тан олиши биланоқ, банк «фирибгарлик» кредити бўйича фоизлар, жарималар ва пенялар ҳисобланишини дарҳол тўхтатиши, шунингдек, уни ундиришни тўхтатиши шарт.
  • Агар банк бундай кредитнинг сўндирилиши учун пулларни ечиб олишга улгурган бўлса, у суд қарори кучга кирганидан кейин 15 кун ичида маблағларни жабрланувчининг картасига қайтариши шарт.

2025 йил ноябрь ойида президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистонда 31 миллиондан ортиқ фуқаро интернетдан фойдаланиши маълум қилинган эди. Сўнгги 5 йил ичида кибержиноятлар сони 68 бараварга ортган, фақат ўтган йилнинг 10 ойи давомида 46 мингтадан ортиқ ҳолат аниқланган. Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган моддий зарар 1,2 трлн сўмдан ошган.