Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 10/05/2026

Ўзбекистонда футбол ўйинлари жадвалини ўзгартириш орқали томошабинлар ташрифини кўпайтириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда спорт нафақат саломатликни мустаҳкамлаш ва юқори натижаларга эришиш омили, балки даромад келтирадиган тўлақонли иқтисодиёт тармоғига айланиши керак. Бу ҳақда 2026 йил 7 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Шу нуқтаи назардан, футбол бўйича миллий чемпионат ўйинларини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди. Айрим ўйинларнинг иш вақтида ўтказилиши томошабинлар ташрифига салбий таъсир кўрсатаётгани, давомад кутилганидан пастлигича қолаётгани қайд этилди.

Мутасаддиларга томошабинлар сонини кескин ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. Хусусан, ўйинларни дам олиш кунларига ёки соат 19:00 дан кейинги кечки вақтга кўчириш, стадионлар атрофида сервис хизматларини, жумладан кўнгилочар ва мусиқий тадбирларни ривожлантириш, шунингдек, ишқибозлар учун қулай транспорт қатновини таъминлаш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, рақиб жамоалар мухлислари учун ҳамёнбоп футбол турпакетларини жорий этиш режалаштирилган.

Ушбу чора-тадбирлар клублар даромадини 2-3 баравар ошириш, мухлисларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва тадбиркорлар учун қўшимча даромад манбаларини яратиш имконини бериши кутилмоқда.

Йиғилишда ҳудудлардаги спорт инфратузилмаси ҳолати ҳам муҳокама қилинди. Расмий маълумотларга кўра, 39 та очиқ ва ёпиқ спорт иншооти таъмирталаб бўлгани сабабли улардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.

Шу муносабат билан, бундай объектларни модернизация қилиш ва замонавий спорт мажмуаларига айлантириш мақсадида уларни давлат-хусусий шериклик асосида бериш тўғрисида қарор лойиҳасини тайёрлаш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан Ўзбекистонда футбол клубларини тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштириш модели жорий этилмоқда. 2026 йилда жамоалар 560 миллиард сўм — ҳар бири 35 миллиард сўмдан маблағ олади. Улар учун даромад солиғи бекор қилинади, ижтимоий солиқ ставкаси эса 1 фоизни ташкил этади. Клуб сотиб олмоқчи бўлган тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратилади.